Ссылки доступа

Суд Гулнора Каримовани 13 йил 4 ойлик қамоқққа ҳукм қилди; жазони ўташ 2015 йилдан ҳисобланади


18 март куни Жиноят ишлари бўйича Тошкент шаҳар судида мустақил Ўзбекистон 1-президентининг тўнғич қизи ГулнораКаримова ва “у томонидан ташкил этилган жиноий уюшма аъзолари” устидан суд ҳукм чиқарди.

Бу ҳақда Ўзбекистон Олий суди матбуот хизмати расмий баëнот эълон қилди.

Унга кўра¸ суд Гулнора Каримовани жиноий уюшма ташкил этиш, товламачилик, ўзлаштириш ва растрата йўли билан талон-торож қилиш, жиноий фаолиятдан олинган даромадларни легаллаштириш ва бошқа жиноятларни содир этганликда айбли деб топган унга 13 йил 4 ойлик қамоқ жазоси тайнлаган.

“Жиноят қонунчилиги нормаларига мувофиқ ҳамда бир неча жиноят ва ҳукмлар мажмуи бўйича жазо тайинланганлигини инобатга олган ҳолда жазо муддатини 2015 йил 21 августдан бошлаб ҳисоблаш белгиланди”¸ дейилади расмий баëнотда.

18 март куни Гулнора Каримова билан у тузган “жиноий гуруҳ” аъзолигида айбланган яна 7 шахс устидан ҳам ҳукм ўқилган.

“Суд ҳукмига кўра, Н. Содиковга 20 йил, О. Свиридовга 17 йил 3 ой, А. Эргашевга 18 йил 1 ой, Ш. Сабировга 17 йил 1 ой озодликдан маҳрум қилиш жазоси, Г. Авакьянга 3 йил синов муддати билан 5 йил 3 ой 21 кун шартли равишда озодликдан маҳрум қилиш жазоси тайинланди.

Ж. Абдурахманов ва Б. Тешабаев эса жавобгарликка тортиш муддатининг ўтиб кетганлиги муносабати билан жиноят учун жавобгарликдан озод қилиндилар”¸ дейилади Олий суд расмий баëнотида.

XS
SM
MD
LG