Ссылки доступа

Россияга поездлар бекор қилиниши сабабли тожик муҳожирларига чипталарнинг пулини тўлиқ қайтаришмаяпти


Россия расмийларининг коронавирус муносабати билан бу мамлакатга киришни вақтинча таъқиқлагани борасидаги қарори Душанбе-Москва поездига чипта сотиб олган кўплаб тожик меҳнат муҳожирларини ташвишга солди.

Сешанба, 17 мартда ўнлаб мигрантлар Тожик темир йўллари биноси қаршисида йиғилди – чипта пулини қайтариб олиш учун уларнинг турнақатор навбатга туришларига тўғри келди.

Тожикистондан Россияга йўловчи поездларнинг ҳаракати 17 март куни тўхтатилган ва мазкур мажбурий таъқиқ коронавирус туфайли 1 майгача ҳаракатда бўлади. Тожикистон темир йўллари барча йўловчиларга чипталар пулини босқичма-босқич қайтариб беришга ишонтирди.

Аммо бир неча ҳафта илгари Душанбе-Москва поездига чипта харид қилган айрим йўловчилар чипталарнинг тўлиқ қийматидаги пулини қайтаришмаётганидан шикоят қилишмоқда.

Душанбелик Амиршо Алиевнинг 17 март куни айтишича, бир неча кун муқаддам Москвагача юрадиган поездга 1150 сомонийга чипта сотиб олган, аммо унга харид қилган вақтида тўланган барча суммани қайтаришмаган. «200 сомоний кам беришди», - дейди у.

Бошқа бир йўловчи ҳам уларга чипта қийматидан 270 сомоний (тахминан 27 доллар) қайтарилмагани тасдиқлади, унинг ичига иссиқ чой ва чойшаб бериладиган сервис хизмати қиймати киради.

Бошқа йўловчилар 16 март кечасидан бери навбатда туришгани ва чипта пулини қайтаришга муваффақ бўлолмаётганидан нолишади. «Биз бирданига соат 20 ларга келдик, кўплаб халқ йиғилди. Атиги битта касса ишлар ва кассир улгуролмасди», - дейди суҳбатдош.

«Тожик темир йўллари» идорасидагилар 17 март куни Озодлик радиосини барча йўловчилар бирин-кетин чипта харид қилишга сарфлаган ўз пулларини олишига ва “ташвишланишга асослар йўқ”лигига ишонтиришди.

Манбага кўра, барча йўловчиларнинг, уларни сони 8 мингга яқин, пулларини бирданига қайтариш осон вазифа эмас. ТТЙ котибияти раҳбари Анвар Латифзода гапиради: «Фуқаролар 28 апрелгача вақт оралиғи учун чипта харид қилишган. Биз чипталар қийматини навбатма-навбат, камида сафар кунига қадар қайтариб беришга қарор қилдик. Эҳтимол, бир-икки ҳафта ўтиб поездлар ҳаракати тикланиб қолар».

Ҳар йили баҳорда Тожикистондан Россияга меҳнат муҳожирлиги мавсуми бошланади. «Агар бизни боришга таъқиқ ҳақида олдинроқдан хабардор қилишса яхши бўларди. Қўлимда ишга таклифнома бор. Агар мен вақтида етиб бормасам, иш берувчи бошқа кишини ишга олади», - дея арз қилади меҳнат муҳожирларидан бири Диловар.

Муҳожирларнинг бошқа бир гуруҳи коронавирус юқиши хавфи сабабли ҳозир миграцияга кетишнинг ўрни эмаслигини айтишади. «Бу вазиятда ҳеч ким айбдор эмас, биз воқеаликни ҳис қилишимиз керак. Биз ҳам кетишимиз лозим эди, барчаси бекор бўлди, зиёнга учрадик, аммо бу шароитда кетиб юбориш ҳам хавфсиз эмас», - дейди чипта сотиб олишга сарфлаган пулини қайтаришга келган Давлат исмли йигит.

Шу кунгача Тожикистондан Россияга ҳафтасига 4 та поезд қатнаган: иккитаси Душанбедан, иккитаси – Кўлоб ва Хўжанддан.

Россияга миграция кўплаб тожик оилалари учун даромаднинг асосий манбаларидан бири ҳисобланади. Тожик расмийларининг айтишича, ўтган йили ярим миллион атрофидаги киши мамлакат ташқарисига, асосан, Россияга жўнаб кетган ва улар шу вақт ичида ватанга 2,6 миллиард доллар жўнатишган.

XS
SM
MD
LG