Ссылки доступа

Эмомали Раҳмон: 40 дан ортиқ тожик олимининг плагиатлиги фош бўлди


Тожикистон президенти Эмомали Раҳмон мамлакатнинг 40 дан ортиқ олими «Диссернет» портали томонидан кўчирмакашлик (плагиат)да айбланганидан ўз норозилигини билдирди.

«Айрим тожик олимлари хорижий давлатлар олимларининг илмий ишларидан фойдаланган ҳолда осон илмий йўлдан бораётгани аён бўлмоқда», -деди давлат раҳбари 18 март куни Душанбеда олимлар билан учрашувда.

2018 йил баҳорида «Диссернет» портали Тожикистон олимларининг диссертациялари экспертизаларини эълон қила бошлади – деярли ҳар куни плагиатликка қарши курашувчилар томониданмРоссия ва Тожикистон олимларининг илмий ишларидан кўчирмакашлик қилган амалдорларнинг, корхона раҳбарлари ва педагогларнинг илмий ишларини эълон қила бошлади. Юқори лавозимли сохта олимлар орасида бош вазир ўринбосари Давлатали Саид (Саидов) ва президентнинг кадрлар масаласи бўйича ёрдамчиси Асадулло Раҳмонов ҳам бор эди.

Кўчирмакашликда айбланганларнинг кўпчилиги сукут сақлашни афзал кўришди, бироқ айримлари эса «Диссернет» портали томонидан туҳматга учраганликларини айтишди.

Олимлар билан учрашган Эмомали Раҳмон кўчирмакашлик илмий раҳбарларнинг дангасалиги, изланувчиларнинг эҳтиётсизлиги ва диссертацияларнинг юзакиллиги туфайли юз берганини айтди.

Тожикистон раҳбарининг таъкидлашича, «сўнгги йилларда илмий бўлмаган соҳаларда фаолият юритувчи ва раҳбарлик лавозимларида ишловчи шахслар ўзларининг фаолиятларидан йироқ бўлган илмий диссертацияларни ёқламоқда, шу билан бирга навбатсиз илмий унвон олмоқда». У бу каби шахслар аввал мансабларидан кетиши борасида ариза ёзишлари ва шундан кейингина илмий фаолият билан шуғулланишлари ҳамда амалдаги талабларга мос равишда диссертацияларни ҳимоя қилишлари борасида кўрсатма берди. «Бундан кейин ҳукумат аъзолари, уларнинг ўринбосарлари ва бошқа мансабдор шахслар илмий муассаса хулосаси ва давлат раҳбари номига ёзган аризасидан кейингина диссертация ҳимоясига қўйилади», дея таъкидлади Эмомали Раҳмон.

Яқинда Тожикистон Миллий университети ректори этиб тайинланган Қобилжон Хушвахтзода, Тожикистон Таълим ва фан вазирининг янги ўринбосари Нурали Собирзода ва Тожикистон президенти хузуридаги Таълим ва фан соҳаси назорати Агентлиги директори Шохин Саидзода (Собиқ Таълим ва фан вазири Нуриддин Саиднинг ўғли) ҳам «Диссернет» портали томонидан плагиат сифатидафош қилинган эди. Ўзгаларнинг илмий ишини кўчирганликда айбланган Давлатшо Гулмахмадзода яқинда Тожикистон бош вазирининг ўринбосари этиб тайинланган эди.

XS
SM
MD
LG