Ссылки доступа

Олмаота 22 мартдан “тўлалигича” беркитилиши режалаштирилмоқда


19 мартдан карантин жорий қилинган Олмаота расмийлари шаҳарга кирмоқчи ёки чиқиб кетмоқчи бўлганлар учун 72 соат вақт берди.

22 март куни соат 0.00 дан бошлаб Олмаотада тўлалигича авиа ва темирйўл қатновлари тўхтатилади, дея хабар берди Олмаотада бўлиб ўтган махсус брифингда шаҳар ҳокимининг ўринбосари Ерлан Қожагапанов.

Чекловлар ҳозирча халқаро парвозларга жорий қилинмайди. «Бироқ қайсидир босқичда халқаро рейсларга ҳам чекловлар қўлланилади. Бу борада авиакомпаниялар билан музокаралар олиб борилмоқда», -дея қўшимча қилди ҳоким ўринбосари.

19 март соат 0.00 дан бошлаб Олмаотада ва пойтахтда карантин амал қилмоқда. Шаҳар ичкарисида автомобиллар ва одамлар ҳаракатида чекловлар йўқ. Баёнот берилишича, жамоат транспорти аввалги режимда ҳаракатланайверади. Карантин вақтида савдо-кўнгилочар марказлар, озиқ-овқат маҳсулотлари сотилмайдиган дўконлар, савдо уйлари фаолияти тўхтатилади. Расмийларнинг баёнотига қараганда, жамоат овқатланиш муассасалари ва ресторанларда фақат овқат тарқатиш мумкин бўлади.

Олмаота хокимининг ўринбосари аҳолига мурожаат қилар экан «уйдан чиқмасликни, тўлалигича изоляцияда бўлишларини» тавсия қилди. Сўнги маълумотларга кўра, Қозоғистонда 36 та коронавирус билан боғлиқ ҳолат қайд қилинди. Шундан Олмаотада – 18 ҳолат, Нур-Султонда – 18 ҳолат.

Шуни таъкидлаш керакки Нур-Султондаги темирйўл вокзали кассалари олдида узундан узоқ навбатларни кўриш мумкин. Расмийлар бир миллион аҳолига эга пойтахт 19 мартдан карантинга беркитилиши борасида баёнот берганидан сўнг Нур-Султон темирйўл вокзали касссалари олдида 18 март куни одамлар тўплана бошлади. Кимдир чипталарни топширмоқчи бўлса, бошқалари, 19 мартдан шаҳарга кириш ва чиқиш чекланган тақдирда нима қилишлари кераклиги билан қизиқдилар.

Сайт орқали чипта харид қилган бир неча йўловчиларнинг таъкидлашларича, онлайн чипталарни қайтариш самарасиз бўлган. Пойтахтда яшовчи фарзандларини кўриш учун келган Тараз шаҳрида яшовчи Аймарал Амангараеванинг Азаттиқ радиосига айтишича, автотранспорт билан қайтиш имконияти туғилган эди, бироқ 19 мартга олинган чиптани кассада қабул қилишмаган.

Мамлакатда 16 мартдан 15 апрелга қадар фавқулотда ҳолат жорий қилинганидан сўнг одамлар оммавий равишда чипталарни сота бошладилар. Маҳаллий ОАВнинг хабар қилишича, худди шу каби ҳолат минтақаларда ҳам кузатилмоқда.

Нур-Султондаги автостанцияда йўловчилар шаҳарлараро рейсларга чипталар етишмаслигидан нолишмоқда. Такси нарҳлари бирданига кўтарилиб кетди.

“Темирйўлларда ташиш” компаниясининг чипталарни сотишни ташкиллаштириш хизмати эксперти Наталья Пикуринанинг айтишича, сўнгги кунларда чипталарни қайтараётганлар кўпаётгани сабабли онлайн-система ўз фаолиятини тўхтатди.

Қозоғистон расмийлари мамлакат худудларида 16 мартдан то 15 апрелга қадар фавқулотда ҳолат жорий қилди. Олмаота, мамлакат йирик шаҳарларига киришда, маҳалий расмийлар ва полиция баёнотига қараганда, полиция ва мудофаа вазирлиги ходимларидан шакллантирилган ўнлаб блокпостлар ўрнатилди. Коронавирус тарқалишига йўл қўймаслик мақсадида 19 мартдан мамлакат йирик шаҳарлари бўлмиш Олмаота ва Нур-Султонда карантин жорий қилинди.

XS
SM
MD
LG