Ссылки доступа

Активларни қайтаришда Гулнора Каримованинг роли йўқ — Адлия вазирлиги


Ўзбекистон Адлия вазирлиги Гулнора Каримованинг хорижда музлатиб қўйилган активларнинг бир қисмини Ўзбекистонга қайтариши ҳақидаги баёнот юзасидан изоҳ берди.

Ўзбекистонга мулкларни Гулнора Каримованинг ўзи қайтарганлиги ҳақидаги таъкидлар ҳуқуқий асосга эга эмас ва шу боис ҳақиқатга тўғри келмайди, дея маълум қилди Адлия вазирлиги. 1,3 млрд доллардан ортиқ миқдордаги мулкларни қайтариш бўйича иш олиб борилмоқда.

Адлия вазирлигининг қайд этишича, мулкларни қайтариш бўйича барча музокаралар ва тадбирлар расмий даражада Ўзбекистон қонунчилиги ва халқаро ҳуқуқ нормаларига мувофиқ олиб борилмоқда. Хусусан, Бош прокуратура ва Адлия вазирлиги томонидан Ўзбекистоннинг ваколатли идоралари иштирокида Гулнора Каримова томонидан жиноий йўл билан орттирилган 1,3 млрд доллардан ортиқ миқдордаги мулкларни қайтариш бўйича Швейцария, Франция, Россия Федерацияси ва бошқа давлатларнинг ваколатли органлари билан ҳамкорликда иш олиб борилмоқда.

"Мазкур мулклар хорижий давлатларнинг ваколатли органлари томонидан ҳибсга олинганлиги муносабати билан, улар анчадан буён Гулнора Каримова (унинг оила аъзолари)нинг тасарруфида эмас", дейилади Адлия вазирлигининг хабарида.

Аввалроқ, Гулнора Каримова президентга хат йўллаб, унда "оилам ва соғлиғимни сақлаб қолиш учун¸ рисоладагидай шароитда¸ пул маблағларига нисбатан ҳар қандай даъводан воз кечишга тайëрман”¸ деган ва ўзи ва болалари ихтиëрида қолган бойликнинг Швейцария банкларида музлатилган 686 миллион доллар эканини айтади.

Бу пуллардан воз кечиш учун Каримова “ишни соддалаштирилган тартибда ëпиш” ва омма эътиборидан холи суд қилинишини сўраган.

18 март куни суд ҳукми билан 47 ёшли Гулнора Каримовага 13 йил 4 ой муддатга озодликдан маҳрум қилиш жазоси тайинланган. Жиноят қонунчилиги нормаларига мувофиқ ҳамда бир неча жиноят ва ҳукмлар мажмуи бўйича жазо тайинланганлигини инобатга олган ҳолда, жазо муддатини 2015 йил 21 августидан бошлаб ҳисоблаш белгиланган.

XS
SM
MD
LG