Ссылки доступа

Трамп коронавирусга қарши кураш учун ҳарбий ваколатларни зиммасига олди


Дональд Трамп
Дональд Трамп

АҚШ президенти Дональд Трамп саноатнинг коронавирусга қарши курашдаги сафарбарлигини таъминлаш учун фавқулодда ваколатларни ўзига олди. Қарор пандемиянинг салбий оқибатлари кучайиши саҳнида қабул қилинди.

Ўзини “ҳарбий вақт президенти” деб атаган Трамп 1950 йилдаги мудофаа ишлаб чиқариши тўғрисидаги қонундан фойдаланди. Корея уруши йилларида қабул қилинган қонун президентга корхоналарни ишлаб чиқаришни кенгайтириш ва ҳаётий зарур материалларни чиқаришга мажбурлашга имкон берадиган фавқулодда ваколатлар беради. Бугун улар - респираторлар, ниқоблар, ўпканинг сунъий вентиляцияси учун аппаратлар ҳамда янги турдаги коронавирусга қарши курашнинг бошқа воситалари.

Трампнинг хабар беришича, қонун фақат АҚШдаги коронавирус билан боғлиқ вазият ёмонлашган тақдирдагина қўлланилади. "Умид қиламанки, бунга зарурат туғилмайди", — деб ёзди у твиттерда.

"Бу уруш", – деди Трамп, коронавирусга қарши курашни иккинчи жаҳон уруши пайтида қабул қилинган чоралар билан таққослаб ва олдинда умумиллий миқёсда кутилаётган қурбонлар ҳақида огоҳлантирди.

АҚШда коронавирус юқишининг 9 мингта ҳолати аниқланди, 139 киши вафот этди. Олдинроқ Дональд Трамп COVID-19 билан боғлиқ вазият туфайли мамлакат ичкарисида ҳаракатланишга чеклов жорий этилишини маълум қилди. АҚШ шунингдек, визалар берилишини тўхтатди.

Сешанба куни Оксфорд университети олимлари 30 дақиқа ичида натижа берадиган коронавирус анализи устида иш олиб боришаётганини маълум қилдилар. Шу билан бирга Дакардаги Пастер Институти 10 дақиқада натижа берадиган ва нархи бир доллар турадиган анализ устида иш олиб бормоқда, дея хабар берди "Би-би-си"нинг рус хизмати.

Вирусга қарши вакцина намуналари АҚШ ва Исроилда синовдан ўтказилмоқда. Аммо, улар муваффақиятли бўлган тақдирда ҳам вакциналар бозорга келаси йил ўрталарига борибгина чиқарилиши мумкин. Шунингдек, Россия ва Буюк Британия ҳам ўз вакциналари устида иш олиб бормоқда.

Шу йилнинг январида коронавирус қайд қилинган Хитойнинг Хубэй вилояти, шунингдек унинг маъмурий маркази Уханда пайшанба куни илк бор коронавирусга чалиниш билан боғлиқ бирорта ҳам ҳолат қайд қилинмади.

Жаҳонда умумий ҳисобда 210 минг кишида коронавирус аниқланди, 84 мингдан ортиқ киши тузалиб кетди, 9 мингга яқин киши вафот этди.

XS
SM
MD
LG