Ссылки доступа

Тожикистон халқаро қатновлар учун ўз ҳаво ҳудудларини беркитмоқда


Тожикистон 20 мартдан халқаро йўловчи ташиш парвозлари учун ўз ҳаво ҳудудларини беркитмоқда, дея хабар берди мамлакат ҳукумати қошидаги фуқаро авиация Агентлиги.

Тожикистон ҳукумати қошидаги Фуқаро авиация агентлиги директори Икром Субхонзоданинг пайшанба куни тарқатилган мактубида ҳалқаро авиакомпаниялардан 20 мартдан бошлаб Тожикистонга барча рейсларни бекор қилишлари сўралган. Унинг айтишича, мамлакат ҳаво ҳудудларини беркитиш борасидаги хабар коронавирус хавфи туфайли қабул қилинди.

Душанбе шаҳридаги халқаро аэропорт матбуот котиби Жамила Ҳусейнова 19 март куни Радио Озодига Фуқоро авиация Агентлигидан мактуб олинганини тасдиқлади. Бироқ, унинг сўзларига қараганда, парвозларни тақиқлаш фақат халқаро рейсларга тааллуқлидир, Тожикистон ичкарисидаги, жумладан Душанбе ва Хўжанд ўртасидаги авиақатновлар тўхтатилмайди.

Тожикистондаги иккита авиакомпания ваколатхоналарининг таъкидлашича, жума кундан бошлаб Тожикистонга парвозлар тўхтатилади. Радио Озоди манбаларининг хабар қилишича, айрим авиакомпаниялар ходимлари ўз ҳисобларидан таътилга чиқарилди, бироқ авиакомпанияларнинг ўзлари бу хабарни тасдиқламади ва шу билан бирга инкор ҳам қилмади.

Тожикистонда коронавирус билан боғлиқ ҳолат қайд қилинмади, расмийлар вируснинг пайдо бўлиши ва тарқалишига йўл қўймаслик борасида чоралар кўрмоқда. Мамлакат Соғлиқни сақлаш вазирлигининг хабар қилишича, 1 февралдан 18 мартга қадар турли давлатлардан келган 1900 га яқин киши коронавирус бўйича текширувдан ўтган. Айни дамда 400дан ортиқ киши карантинда ушлаб турилибди.

XS
SM
MD
LG