Ссылки доступа

Тожикистонда яна масжидларда жамоа билан намоз ўқишга рухсат берилди


Тожикистон Дин ишлари, аньана ва урф-одатларни соддалаштириш Қўмитаси мамлакат масжидларида 20 мартдан жамоа бўлиб намоз ўқишга рухсат берди. Жомъе масжидлари коронавирус хавфи туфайли 5 мартдан намозлар учун беркитилган эди.

«Биз мамлакат аҳолисига мурожаат қилиб юқумли касалликлар профилактикасида, айниқса COVID-19 коронавируси хавфи туфайли жамоат намозлари вақтида умумий санитария меъёрларига амал қилишларини сўраймиз», дея Радио Озодига баёнот берди Қўмита матбуот котиби Афшин Муқим.

Эслатиб ўтамиз, 4 март куни Тожикистон Ислом Маркази Уламолар Кенгаши коронавирус хавфи туфайли диндорлар Жомъе масжидларида жамоавий намозларни ўқишдан сақланишлари керак деган қарорга келган эди. Ислом маркази фатволар бўлими раҳбари Жамолиддин Хомушининг айтишича, масжидларда фақат жаноза намозини ўқишга рухсат берилади.

Ўшанда Тожикистон Ислом Маркази Уламолар кенгаши мамлакатдаги диндорларга мурожаат билан чиқиб кўпкишилик жамоат жойларига бормасликка, агарда ҳароратлари кўтарилгудек бўлса, зудлик билан шифокорларга учрашишлари борасида тавсия берган эди. «Диндорлар ўз касалликларини яширишлари керак эмас, чунки мусулмонлар ўзларига ҳам, ўзгаларга ҳам зиён етказмайди», - дейилади мурожаатномада.

Жамоа намозлари ўқилишини тақиқланиши ижтимоий тармоқлар фойдаланувчиларининг айримларида норозиликларга сабаб бўлди. Кўпчилик коронавирус профилактикаси мақсадида хукумат бошқа жойларни – ўқув муассасалари, ресторан, савдо нуқталари ва стадионларни беркитмаётганига эътироз билдирди.

Шу билан бир вақтда Тожикистон Таълим ва фан вазирлиги Наврўз байрами муносабати билан талаба ва ўқувчиларнинг «маршировкаси» бекор бўлгани хақида хабар берди. Вазирлик матбуот хизмати баёнот бериб, бу чоралар давлат бюджетини тежаш ва эҳтимолий коронавируснинг олдини олиш мақсадида амалга оширилаётганини билдирди.

Бироқ, Радио Озодига маълум бўлишича, Хўжандда Халқаро Наврўз байрамига бағишланган театрлаштирилган тадбирга репетиция жараёнларидавом этмоқда. Бу каби«маршировкалар», Радио Озоди сайти ўқувчиларининг хабарига кўра, Хатлон вилояти маъмурий маркази Бохтарда ҳам бўлиб ўтмоқда.

Коронавирус ўтган йилнинг декабрида Хитойнинг Ухань шаҳрида пайдо бўлди, шундан бери жаҳонда 9 минга яқин киши вафот этди. Жахонда янги коронавирусга чалинганлар сони 220 минг кишидан ошиб кетди. Хабарларга кўра, 80 мингга яқин киши соғайиб кетган.

Тожикистонда коронавирус билан боғлиқ ҳолат қайд қилинмади, расмийлар вируснинг пайдо бўлиши ва тарқалишига йўл қўймаслик борасида чоралар кўрмоқда. Мамлакат Соғлиқни сақлаш вазирлигининг хабар қилишича, 1 февралдан 18 мартга қадар турли давлатлардан келган 1900 га яқин киши коронавирус бўйича текширувдан ўтган. Айни дамда 464 киши карантинда ушлаб турилибди.

XS
SM
MD
LG