Ссылки доступа

Коронавирусга қарамай Ўзбекистонда тўйлар ўтказилмоқда, тўйхоналар апрелга ҳам буюртма оляпти


Ҳукумат тўйларни тўхтатмади, лекин тақиқ қўйилишидан қўрқиб, айримлар апрелга мўлжаллаган тўйларини мартга кўчиряпти. Айни пайтда тўйхоналар апрель учун тўйга буюртма олишни давом эттиряпти.

Тошкентдаги тўйхоналардан бирида 1 апрель кунига режаланган никоҳ тўйи 31 мартга кўчирилди.

Исмини очлиқламаётганимиз тошкентликка кўра, ўғлининг тўйини тўйхона эгасининг тавсияси билан бир кун олдинга сурган: “Тўйхона эгаси коронавирус сабаб 1 апрелдан бошлаб тўйхоналар ёпилишидан хавотир билдирди. Шунинг учун тўйни 31 мартга кўчирдик”.

Исмини ошкор қилмасликни сўраган бошқа бир тошкентлик ҳам апрелга мўлжаллаган тўйини мартга кўчириш ҳаракатида эканини айтди:

“Ҳали биз кунини белгилаганимиз йўқ. Ўғлимизни уйлантиряпмиз. Қудалар билан келишиб, рўзадан олдин ўтказиб олармиз дегандик. Лекин коронавирус сабаб ҳар куни бир нарса тақиқланяпти. Шунга қўрққанимиздан, тезроқ ўтказиб олмоқчи эдик. Лекин бўш тўйхона топа олмаяпмиз, ҳаммаси банд. Ҳали умидимизни узганимиз йўқ. Бугун яна битта тўйхона билан гаплашишга борамиз. Балки ўхшаб қолар”.

Айни пайтда Тошкентдаги тўйхоналар апрель учун ҳам тўйга буюртма олишда давом этяпти.

“Мен гаплашган ҳамма тўйхона апрель учун тўйларга буюртма оляпти. Ҳеч қандай чеклов ёки тақиқ йўқ. Фақат тўй қатнашчилари сони 200 нафаргача¸ ошга эса¸ 250 нафаргача бўлиши шартлигини айтишди. Бу янги тартиб, бутун мамлакат бўйича тўйхоналар бундан ортиқ одам ололмайди”, деди мобил мухбир.

Аноним қолишни истаган урганчлик отага кўра, ўғли иккаласининг ҳар куни тўйга буюртмаси бор.

“Кеча ўзим битта тўйга, ўғлим бошқа тўйга бордик. Кеча мен борган тўйда 200га яқин одам бор эди. Бу коронавирус Хоразм тўйларига умуман таъсир қилмади. Тўйларимиз олдингидай ўтяпти. Бозорларда бир-икки одам маскада юрибди, лекин тўйларга ҳамма ясаниб, келган, ҳеч кимда маска ҳам йўқ. Бугун яна 2 та тўйимиз бор”, деди урганчлик тасвирчи.

Мустақил журналист ва блогер Баҳодирхон Элибоевнинг айтишича, Риштонда ҳам тўйлар авжида: “Бизда ҳеч қанақа ваҳима йўқ. Тўйларимиз олдингидай ўтяпти. Ўтган куни битта тўйга бордим. Тўйхонада хизмат қилиб юрганларнинг ҳаммаси маскада. Лекин тўйга келганларнинг бирортасида ҳам маска йўқ эди”.

Ўзбекистонда коронавирус тарқалиши сабаб:

Жумладан,

16 мартдан барча давлат ва нодавлат таълим муассасалари - мактаблар, олий ўқув юртлари ва боғчалар ёпилди.

Барча оммавий тадбирлар, шу жумладан, Наврўз тадбирлари бекор қилинди.

Массаж салонлари; дискотекалар, дискобарлар; болалар ўйин заллари ёпилди.

Лекин ҳукумат тўйларни бирор кўринишда чекламади.

XS
SM
MD
LG