Ссылки доступа

Қозоғистон алмаштирув пунктларида доллар қимматлади, кўплаб пунктларда валюта савдоси ёпилди


Қозоғистон пойтахтидаги айрим алмаштирув пунктларида доллар курси 20 март, жума куни эрталаб 465 тангани ташкил этди, деб хабар беради маҳаллий янгиликлар агентлиги.

Kurs.kz сайти маълумотига кўра, куннинг биринчи ярмида Олмаота ва Нур-Султондаги алмаштирув шахобчаларида савдо нархи бир доллар учун 457 танга атрофида бўлмоқда. Харид қилиш курси бир доллар учун 445-450 танга. Жума куни расмий курс бўйича бир доллар 448,5 тангани ташкил этади.

9 мартдан бери алмаштирув шахобчаларида танга долларга нисбатан қийматини 16 фоиз атрофида йўқотди. Олмаота ва Нур-Султондаги алмаштирув пунктларининг аксарияти ҳамон хорижий валютани сотмаяпти, деб ёзади бугун Tengrinews сайти.

Қозоғистон фонд биржаси (KASE) жума, 20 март куни хабар беришича, долларнинг ўртача ҳисобланган курси 444,8 танга.

Икки кундан бери кетма-кет биржадаги савдолар “франкфуртча аукцион” услуби бўйича ўтмоқда (унда биржа савдо тизимига аризалар киритилади, муайян вақт миқдори якунлангач нархлар кесими бўйича барча ёки айрим аризалар қаноатлантирилади). Бу услубга ўтиш қарорини Қозоғистон Миллий банки ва биржа нефт нархи сезиларли миқдорда пасайиши ва иқтисодий шерик, Россияда валюта қийматининг қулаши саҳнида “валюта бозоридаги вазиятнинг беқарорлашувига йўл қўймаслик” интилиши билан изоҳлади.

Биржанинг жума куни хабар беришича, савдолар ҳажми 107,8 миллион долларни ташкил этди.

XS
SM
MD
LG