Ссылки доступа

БМТ Бош котиби коронавирусга қарши жаҳон урушини эълон қилди


 Антониу Гутерреш
Антониу Гутерреш

БМТ Бош котиби Антониу Гутерреш баёнот бериб, жаҳон умумумий душман – коронавирус инфекцияси билан юзма-юз турганини маълум қилди.

“Жаҳон мисли кўрилмаган вазият билан тўқнаш келди ва эндиликда одатий қоидалар амал қила олмайди. Ностандарт вақтда стандарт воситаларни қўллаб бўлмайди”, дея баёнот берди Антониу Гутерриш видеоконференция кўринишида илк бор журналистлар билан бўлиб ўтган мулоқотда.

«COVID-19 одамларни ўлдирмоқда, реал иқтисодиётга – савдо, етказиб бериш тармоқларига, бизнес, иш ўринларига зарба бермоқда. Бутун бошли мамлакатлар ва шаҳарлар изоляция қилинмоқда. Чегаралар беркитилмоқда. Компаниялар бор кучи билан бизнесда қолишга ҳаракат қилмоқда, оилалар эса жон сақлашга уринмоқда», – дея қўшимча қилди сиёсатчи.

БМТ Бош котиби “Катта йигирмалик” етакчиларига мурожаат қилиб коронавирус келтириб чиқарган глобал инқирозга қарши зудлик билан кучларни бирлаштирган ҳолда жавоб беришга чақирди.

У биринчи даражали учта вазифа сифатида одамлар саломатлигига бўлган таҳдидларни бартарф этиш, ижтимоий қўллаб-қувватлаш ва иқтисодиётни қайта тиклаш эканлигини қайд қилиб ўтди. "Ҳатто энг бой мамлакатларда ҳам соғлиқни сақлаш тизими босим остида қолмоқда. Катта миқдордаги тестларга сарфланадиган ҳаражатларни қоплаш, тиббиёт муассасалари қуриш, тиббиёт ходимларини қўллаб қувватлаш мақсадида Соғлиқни сақлаш тизимига ҳаражатларни зудлик билан ошириш керак, шунингдек инсон хуқуқларига тўла риоя қилган ҳолда зарур тиббиёт маҳсулотлари етказиб берилишини таъминлаш керак", деди БМТ Бош котиби.

Гутерришнинг сўзларига қараганда, пандемия туфайли юзага келадиган иқтисодий пасайиш биринчи навбатда ривожланаётган мамлакатларга, аёллар ва болаларгатаъсир кўрсатади. "Бутун дунёда биз молиявий қийинчиликлар билан тўқнаш келаётган мамлакатларни молиявий қўллаб-қувватлашга тайёрлигимизни намойиш қилишимиз керак. Халқаро валюта фонди, Жаҳон банки ва халқаро молиявий институтлар бу борада етакчи роль ўйнайди", - дея қўшимча қилди бош котиб.

БМТ Бош котиби “Катта йигирмалик” етакчиларининг фавқулотда саммит ўтказиш қарорини табриклашини ва бу тадбирда иштирок этиш имкониятларини орзиқиб кутаётганини таъкидлаб ўтди.

Саудия Арабистони ҳукумати COVID-19 пандемиясига қарши курашда кучларни бирлаштириш мақсадида келаси ҳафтада онлайн режимида “Катта йигирмалик”нинг фавқулотда саммитини ўтказиш ташаббуси билан чиқди.

2019 йил декабрида Хитой марказида пайдо бўлган янги коронавирус кейинчалик 140дан ортиқ мамлакатга тарқалди. Биргина пайшанба куни жаҳонда коронавирусдан мингдан ортиқ киши вафот этди. Эпидемия бошланганидан бери вирусга чалинганлар сони 237 минг кишига етди. 10 мингга яқин киши вафот этди. Энг мураккаб вазият Италияда кузатилмоқда, бу мамлакатда 19 март куни беш мингдан ортиқ кишининг COVID-2019 коронавирусига чалингани ва 427 кишининг вафот этгани маълум бўлди. Вирусга чалинганлар сони 40 минг кишидан ошиб кетди. 3405 киши вафот этди. Ўлим бўйича Италия Хитойдан ўтиб кетди. “Осмон ости” мамлакатида расмий маълумотларга кўра, 3245 киши вафот этди.

XS
SM
MD
LG