Ссылки доступа

ОАВ: Ўзбекистонда коронавирус бор-йўқлигини аниқлашга ёрдам берувчи тест тизими ишлаб чиқарилди


Ўзбекистон Инновацион ривожланиш вазирлиги ҳузуридаги Илғор технологиялар маркази ходимлари одамда коронавирус бор-йўқлигини аниқлашга ёрдам берувчи маҳаллий тест тизимини ишлаб чиқишди.

Бу ҳақда «Ўзбекистон 24» телеканалига таяниб, gazeta.uz хабар қилди.

Айни пайтда клиник синовлар давом этаётгани, апрель охирига қадар 50 мингта ана шундай тест тизимини ишлаб чиқариш режалаштирилгани хабар қилинди.

«Коронавирус инфекциясини ўрганиш бўйича вазирлик томонидан қатор илмий-инновацион лойиҳаларга танловлар эълон қилинди. Бу танловлар доирасида мавжуд дори-дармонларни тезкор усулларда лаборатория шароитида коронавирусга қарши текшириш ва бу текширишда ҳамкорликларни йўлга қўйиш биринчи қадамлар сифатида белгиланди. Шунингдек, коронавирус диагностика усулларини ўзимизда ишлаб чиқариш бўйича олимларимиз томонидан диагностика гидлари яратилди ва лаборатория синовларидан ўтказилди. Иккинчидан, Ўзбекистонда мавжуд қатор дори-дармонларнинг вирусларга қарши таъсири халқаро ҳамкорларимиз билан биргаликда ўрганилмоқда ва уларни Ўзбекистонда ишлаб чиқариш ташкил этилмоқда», - деган Инновацион ривожланиш вазири Иброҳим Абдураҳмонов «Ўзбекистон 24» телеканали тайёрлаган лавҳада.

Соғлиқни сақлаш вазирлигининг билдиришича, 9 апрель соат 10:00 ҳолатига кўра, Ўзбекистонда коронавирус инфекцияси қайд этилганлар сони 555 нафарни ташкил қилмоқда.

XS
SM
MD
LG