Ссылки доступа

Банклардан қарз кўтарган мижозлар кредит таътили кўпроқ қарзга ботириб қўйишидан қўрқмоқда


8 апрель куни Ўзбекистон Марказий банки кредит бўйича тўлов муддатлари кечиктирилган даврда ҳам кредитдан фойдаланганлик учун фоизлар ҳисобланиши давом этиши тўғрисида баёнот берди.

Шундай бўлишини МБ баёнотигачаёқ ўзлари мижоз бўлган банклардан эшитган қарздорлар эълон қилинган "кредит таътили" берадиган имтиёздан фойдаланишга шошилмаяпти.​

Банк ходимлари ҳам кредит тўловига қурби борлар қарздорлик кўпайиб кетмаслик учун ўз кредитларини шартномаларда белгиланган муддатларда тўлаб боришни тавсия этмоқда.

Андижонлик хусусий такси ҳайдовчи Ҳабибулло "Фортуна Микрокредит Бизнес" молиявий ташкилотидан машина сотиб олиш учун март ойида икки йилга 30 фоиз ставка билан 20 миллион сўм кредит олган.

Лекин, коронавирус карантини сабаб таксичилик тўхтаган, Ҳабибуллонинг эса кредит ойлик тўловларини тўлашга имкони йўқ.

"Фортуна Микрокредит Бизнес" карантин боис Ҳабибулло каби қийин аҳволга тушиб қолган мижозларини таназзулдан қутқариш учун кредит таътили берди.

Лекин, карантин даврида фоизлар ҳисоблаб борилади. Йиғилган фоизларни қарздор карантин тугаганидан сўнг ойлик тўлов устига қўшиб тўлайди.

Ҳабибулло кредит таътили уни қарзга кўмиб ташлашидан хавотирланаётганини айтади:

- Таксичиликдан ойда топганимни тўлаб бораман деб, йиллик 30 фоиз бўлса ҳам шу кредитни олгандим. Ўзимни ёнимдан қўшиб "Матиз" машина олганман. Ҳозир ишим тўхтаб қолган. Булар майли қийналсанг йиғилиб қолган фоизлар билан бирга карантиндан кейин тўлайсан дейишди. Карантинда кечиккан тўлов учун жарима бўлмайди, лекин карантин тугаганидан кейин тўлай олмасам жарима қўллашлари мумкин экан. Энди қаранг. Фоизини ўзи ойига 700 минг сўмдан ошаяпти. Чунки 30 фоизлик кредит, 20 миллион сўмни икки йилда 32 миллион қилиб қайтаришим керак. Агар кечиктирилган муддат ҳисобига кредит муддати узайтириладиган бўлса қарз юки яна ошади. Шунинг учун бу машмаша чўзилмасидан олган машинани сотиб, қарздан қутилишим керак.

"Фортуна Микрокредит Бизнес" ташкилотининг кредит фоизи тўловнинг деярли ярмини ташкил қилади.

Ўзбекистон Марказий банкининг расмий сайтида 8 апрель куни эълон қилинган баёнотда кредит бўйича тўлов муддатлари кечиктирилган даврда ҳам кредитдан фойдаланганлик учун фоизлар ҳисобланиши давом этиши ва ушбу фоизлар кечиктирилган муддат тугаганидан сўнг тўланилиши лозимлиги айтилган.

Самарқанд вилоят, Каттақўрғон туманида чорвачилик учун 2018 йилда "Агробанк" туман бўлимидан уч йилга 50 миллион сўмлик кредит олган фермер Эркин Рўзиев ҳам кредит таътили олишга шошилмаяпти:

- Ҳозир ҳисоблаб чиқсам қайтанга қарзим кўпаяр экан. Бу масалага анча масъулият билан ёндашиш керак-да. Ойлик тўловни ўзи 2 миллион сўм атрофида. Агар уч ойгами олти ойгами кечиктириладиган бўлса кейин йиғилган фоизи билан қайтариш керак бўлади. Кечиктириладиган муддат ҳисобига кредит муддати узайтириладиган бўлса ҳам менга зарар бўляпти-да. Карантин даврида йиғилган фоизлар, қарз тўловлари ва узайтирилган муддат учун яна фоиз. Бу оғирлик қилиб қолиши мумкин-да. Шунга чорва молларини сотиб​ бўлса ҳам ҳар ойда шу 2 миллион сўмни тўлаб ўтирганим яхши.

Банк ходимлари ҳам кредит тўловига қурби бор қарздорлар ўз кредитларини шартномаларида белгиланган муддатларда сўндиришни тавсия этмоқда.

Ўзбекистонда 9 апрель холатига кўра 24 та банк жисмоний шахсларга ажратилган 100 млн. сўмдан кам бўлган барча кредитлар бўйича тўлов жадвалига асосан узоғи билан 3 ойлик муддатга таътил берган.

Айни пайтда қатор Европа давлатлари ва Россияда ҳам банклар коронавирус карантини сабаб ойлик тўловларини тўлай олмаган мижозларига фоиз тўлови амалда қолган ҳолда кредит таътили эълон қилган.

Баъзи давлатлар карантин сабаб ишсиз қолган аҳолини қўллаб-қувватлаш учун ёрдам пакетларини жорий этди.

Британия ва Европа Иттифоқи давлатларида ҳукуматлар ишини йўқотганларга ёрдам пули бериб туришни ўз зиммасига олган.

Қўшма Штатларда иқтисодиётни қўллаб-қувватлаш учун 2 триллион доллар ажратиш тўғрисидаги қонун имзоланиб, ўртачадан кам даромад топадиган одамларга 1200 доллардан, ҳар бир болага 500 доллардан моддий ёрдам кўрсатиладиган бўлди.

3 миллион 700 минг аҳолисига эга Грузияда эса ҳукумат аҳоли тўлайдиган коммунал тўловларнинг катта қисмини ўз зиммасига олди.

Ҳар ой 200 кВт соат электроэнергия ёки 200 куб. метрдан кам газ ишлатадиган хонадонлар уч ойга тўловлардан озод этилди. ​

Ўзбекистон президенти 2020 йил 20 мартда имзолаган "Коронавируснинг иқтисодиётга салбий таъсири ва глобал инқирозни юмшатиш бўйича фармони"да ҳам кредитларни қайтариш муддатини кечиктириш ва кечиктирилган муддатда қарздорлик учун жарима қўлланилмаслиги ҳақида айтилган.

XS
SM
MD
LG