Ссылки доступа

ДХХ терговчилари Сардоба тўғони ўпирилишига лаққа балиқлар сабаб бўлганига оид версияни ҳам ўрганмоқда


1 май куни Сардоба сув омборида рўй берган техноген фалокат юзасидан очилган жиноят иши терговида кўрилаëтган версиялардан бири¸ бу жараëндан билвосита хабардор Тошкент мулозимига кўра¸ “лаққа балиқ” версиясидир.

Бу версияга кўра¸ сув омборида кўпайтирилган йиртқич балиқлар¸ хусусан¸ катта-катта лаққа балиқлар¸ тўғон девори емирилишига сабабчи бўлган бўлиши мумкин.

Тўғон қулаганидан сўнг қўшни Қозоғистоннинг сув босган ҳудудларидан олинган видеоларда Сардоба сувида катта-катта балиқлар¸ хусусан¸ лаққа балиқларнинг кўплиги кўрилади.

Терговга оид айрим маълумотларни еткизган мулозимга кўра¸ ДХХ терговчилари сўроққа чақиртирилаëтганлардан сув омборидаги балиқчилик ҳақида батафсил суриштирмоқда ва жараëнга балиқчилик бўйича мутахассислар ҳам жалб этилган.

“Ўзбекистон темир йўллари” АЖга қарашли Сардоба сув омбори дирекцияси расмийси сунъий сув ҳавзасида балиқчилик билан шуғулланиб келинганини эътироф этди. Айни пайтда бу расмий лаққа балиқлар кўплиги тўғон емирилишига сабаб бўлган¸ деган версияни қатъият билан инкор қилди.

Сардоба сув омборидаги балиқчилик вазиятидан хабардор мулозимлар иддаосича¸ бу омбор ва унинг атрофида катта балиқчилик бизнеси йўлга қўйилган.

“Сардобада оддий тадбиркорнинг балиқчилик билан шуғулланиши¸ оддий одамларнинг эса балиқ овлашига рухсат йўқ эди. Бу бизнес “Темир йўллари” раҳбарлари монополияси эди. Улар Тошкент элитаси ва уларнинг хорижий меҳмонларини чўлга овга олиб чиққан каби¸ Сардоба сув омборига махсус балиқ овига олиб келиб¸ бу ерда зиëфатлар уюштиришар эди”.

“Сардоба иши” бўйича терговга оид айрим маълумотларни етказган Тошкент мулозими¸ Сардобадаги техноген фалокат учун “лаққа балиқ”ни айбдор қилиш уриниши¸ агар жиддий тус оладиган бўлса¸ фалокатнинг ҳақиқий сабабини бекитишга қулай баҳона бўлиши мумкинлигини айтади.

“Тергов агар бор нарсани, яъни арматура, бетон ва тош ўрнига фақат тупроқ ва тош билан деворлари кўтарилганини асосий сабабчи деб кўрсатса, бу явний коррупция бўлади ва унда Сангиновлар сулоласини терговга тортиш керак. Бу эса юқоридагиларнинг планига кирмайди, ўшанчун балиқ ёки шамол ëки ëмғирга ағдаришга ҳаракат бўлади. Агар бу омбор деворлари ва тўғони суперпрочний бетондан бўлганда эди¸ йиртқич лаққа балиқлар галаси у ëқда турсин¸ акула ва аллигаторлар ҳам уни емира олмас эди. Чўл ўртасида қурилган Сардоба 100% сунъий кўл, деворлари сомон сувоқ. Тергов фожианинг асл сабаби лойиҳа ва қурилишга бориб тақалиши ҳақида хулосага келиш-келмаслиги Мирзиëевнинг сиëсий иродасига боғлиқ бўлиб қолмоқда. У бунга журъат топадими¸ йўқми¸ иш якуни кўрсатади”.

1 май куни Сардоба сув омбори тўғонининг бузилиши ортидан 100 мингга яқин одам эвакуация қилинди¸ қўшни Қозоғистон ҳудудини ҳам сув босди. Ҳозирга қадар берилган расмий маълумотга кўра¸ тошқин оқибатида 6 одам нобуд бўлди.

Бу техноген фалокат бўйича очилган жиноят иши терговида¸ Бош прокуратура 16 май куни берган маълумотга кўра¸ лойиҳадаги хатоликлар¸ қурилиш меъёрларининг бузилиши¸ эксплуатация жараёнидаги хатоликлар ва табиий офат каби тўртта версия кўриб чиқилмоқда¸ иш доирасида 170 одамнинг сўроқ қилинган.

XS
SM
MD
LG