Ссылки доступа

Май ойида энг қиммат палов Тошкентда, энг арзони Наманганда бўлди


Давлат статистика қўмитаси май ойи учун “палов индекси” тўғрисидаги маълумотларни эълон қилди.

Ўзбекистон бўйича энг арзон палов Наманганда бўлиб, бир порцияси 11 571 сўм, бир килоси 80 997 сўм туради. Палов нархи бўйича Сурхандарё иккинчи ўринда - порцияси 11 800 сўм, килоси 82 600 сўм.

Учинчи ўринда Қорақалпоғистон ва Навоий вилоятлари. Бу икки ҳудудда ошнинг порцияси 13 минг, килоси эса 91 мингдир.

Энг қиммат палов Тошкент шаҳрида. Бу ерда бир порция ошни 17 750 сўмга, бир килосини эса 124 250 сўмга сотиб олиш мумкин.

Хоразм, Андижон, Тошкент, Сирдарё вилоятларида бир порция паловни 14 минг сўмдан 14 800 сўмгача, бир қило ошни 98 мингдан 103 минг сўмгача сотиб олиш мумкин.

Фарғона, Самарқанд, Қашқадарё, Жиззах ва Бухоро вилоятларида ошнинг бир порцияси 15 166 сўмдан 16 667 сўмгача, килоси эса 106 минг 162 сўмдан 116 минг 669 сўмгача.

Маълумотларнинг шаклланиши жараёнида фақатгина танлаб олинган умумий овқатланиш муассасалари (Ош марказлари)даги паловнинг ўртача нархлари ҳисобга олинган бўлиб, ресторан ва чойхоналардаги нархлар инобатга олинмаган.

Ўзбекистон Республикаси Давлат статистика қўмитаси Ахборот хизмати 10 январда “Палов индекси” маълумотларини шакллантирилиш жорий этилаётгани тўғрисида хабар қилган эди.

Ҳар бир ҳудуд (мамлакат)нинг ўзига хос “хусусиятлари”ни инобатга олиб, Европанинг аксарият мамлакатларида “Big-Mak индекси”, Россия Федерациясида “Оливье индекси” маълумотлари шакллантирилади. Ўзбекистонда энг оммавий таом – “Палов индекси” маълумотларини шакллантириш бошланган.

XS
SM
MD
LG