Ссылки доступа

Юзлаб тожикистонликлар қозоқ-ўзбек чегарасидан уйга қайта олмаяпти


Қозоғистонда ишлаётган юзлаб Тожикистон фуқаролари Ўзбекистон орқали ватанга қайтишни кутиб Қозоғистон-Ўзбекистон чегарасида 10 ҳафтадан бери турибди. Хабарларга кўра, ўзбек томони ўз худуди орқали уларнинг ўтишига рухсат бермаяпти, Тожикистон ҳукумати эса уларни олиб кетишга шошмаяпти.

Тожикистон фуқаролари(улар орасида аёллар, болалар ва қариялар бор)нинг айтишича, уч ойдан бери Қозоғистон ва Ўзбекистон чегарасидаги “Жибек Жоли” божхона пости яқинидаги автовокзал ҳудудида яшашмоқда.

Чегарада туриб қолган тожикистонликларнинг сўзларига қараганда, ҳукумат уларни ватанга олиб кета олмаяпти ва кўчага ташлаб қўйган. Одамлар озиқ-овқат етишмовчилиги билан тўқнаш келган. Улар ерда ётишга мажбур бўлмоқда, ювиниш имконияти йўқ, қўлларига тушган нарсани емоқдалар.

"Бизга овқатни маҳаллий аҳоли олиб келмоқда. Ухлаш ва ювиниш учун жой йўқ. Овқатни қачон олиб келишса ўша вақтда еймиз", — дейди ўз исмини ошкор қилишни истамаган Тожикистон фуқароларидан бири.

"Ўзбекистон хорижда қолиб кетган фуқароларини олиб келмоқда. Нима учундир Тожикистон ўз фуқаролари ҳақида қайғурмаяпти?", — дейди ўзини Райҳон опа дея таништирган пенсионер аёл.

Жибек жоли қишлоқ округи ҳокими Талгат Азимбердиевнинг хабар беришича, автовокзал ҳудудида 260 дан ортиқ киши яшамоқда. Унинг сўзларига қараганда, Тожикистоннинг Қозоғистондаги элчихонаси бу инсонлар аҳволи борасида хабардор қилинган, бироқ Тожикистон ҳукумати уларни транзит йўли билан ватанга олиб кетишни ташкиллаштирмаяпти. Божхона постида ўзини Тожикистоннинг Қозоғистондаги элчихонаси ходими дея таништирган киши вазиятни изоҳламади.

Қозоғистон ТИВ расмий вакили Айбек Смадияровнинг 2 июн куни маълум қилишича, Қозоғистон томони тожикистонликларни чиқиб кетишига тўсқинлик қилмайди ва вазият юзасидан Тожикистонни хабардор қилган. Смадияровнинг сўзларига қараганда, тожик томони Тошкент билан фуқароларни транзит билан автобусларда олиб кетиш масаласида музокаролар олиб бормоқда ва Ўзбекистон ҳукуматидан жавоб кутмоқда.

XS
SM
MD
LG