Москва вилоятининг Егорьевск шаҳрида жойлашган Хорижликларни вақтинчалик сақлаш маркази ( ХФВСМ-ЦВСИГ)дан мурожаат қилган бир гуруҳ ўзбек муҳожирлари уларга 1 июнда Ўзбекистонга юборилиши тўғрисидаги берилган ваъдалар бажарилмагани ва оғир ҳолатда қолганини сўзлади.
29 яшар Шоҳрух улар ётган марказда фақат вьетнамликлар ва ўзбеклар қолди, дейди:
- Марказда 200 яқин одам сақланаётган бўлса, шулардан 53 нафари Ўзбекистон граждани. Бир нечта озарбайжон, молдаван бор. Қолган 140 тача одам - ҳаммаси вьетнамлик. Улар ҳам, бизга ўхшаб, ўз ҳукуматига керак бўлмаганлар бўлса керак! Камида 3 ойдан бери ўтирибмиз. Бизга “1 июнда очилади, жўнатамиз”, деб ваъда бериб келди. Энди бўлса “Ўзбекистон ҳукумати сенларни қабул қилмаяпти - Россия чиқариб юборишга тайёр!”, деди. Бугун бўлса қўриқчиларимиздан бири “Энди ўзларинг самолётга билет олиб кет - бизда бунга пулимиз йўқ!”, деяпти. Бизни қўйворгиси ҳам йўқ, жўнатгиси ҳам йўқ!
Ўзбек муҳожири Ўзбекистон ҳукуматидан уларни олиб кетишга имкон топилмаса, ҳеч бўлмаганда Россия ҳукуматидан озодликка чиқариб юборишга кўмаклашишни сўради.
Айни талаблар билан чиққан Новосибирскдаги Хориж фуқароларини вақтинча сақлаш марказида (ХФВСМ-ЦВСИГ) қарийб юз нафар эркагу аёл оғир шароитда яшаётгани, улар Ўзбекистонга жўнатилишини ойлардан буён кутаётгани хабар қилинган эди.
Шу йилнинг март ойида, Россияда “изоляция режими” жорий қилиниши ортидан бир гуруҳ таниқли россиялик ҳуқуқ фаоллари лагерларда депортация қилинишини кутаëтган меҳнат муҳожирларини озод қилиш талаби билан чиққан эди.
Фаоллар Москва расмийлари диққатини ЦВСИГда қолаётган мигрантлар ҳаёти ва соғлиги хавф остида эканига қаратганди.