Ссылки доступа

Ўзбекистон халқаро рейтинглардаги ўрнини яхшиламоқчи


Ўзбекистонда Халқаро рейтинг ва индекслар билан ишлаш бўйича республика кенгаши ташкил этилади.

Бу тадбир президент Шавкат Мирзиёев томонидан 2 июнь куни имзоланган “Ўзбекистон Республикасининг халқаро рейтинг ва индекслардаги ўрнини яхшилаш ҳамда давлат органлари ва ташкилотларида улар билан тизимли ишлашнинг янги механизмини жорий қилиш тўғрисида”ги фармон асосида амалга оширилади.

Ҳужжат билан Кенгашнинг асосий вазифалари этиб қуйидагилар белгиланган:

мамлакатнинг ижтимоий-иқтисодий ва сиёсий-ҳуқуқий тараққиёт даражасини тизимли таҳлил қилиб бориш, турли соҳаларда амалга оширилаётган туб ўзгаришларнинг Ўзбекистон Республикаси учун устувор бўлган халқаро рейтинг ва индексларда мамлакатнинг ўрнини яхшилаш мақсадларига хизмат қилишини таъминлаш, мазкур йўналишдаги ишларнинг самарадорлигига тўсиқ бўлаётган муаммоларни бартараф этиш;

Ўзбекистон Республикаси учун устувор бўлган халқаро рейтинг ва индексларда мамлакатнинг ўрнини яхшилаш мақсадида давлат ҳокимияти ва бошқаруви тизимини такомиллаштириш, жамиятни демократлаштириш, илғор халқаро тажрибага асосланган давлат ва жамият қурилиши соҳасидаги ислоҳотларни амалга ошириш бўйича ташаббусларни илгари суриш;

давлат ва жамият ҳаётининг турли жабҳаларини тартибга солишга қаратилган норматив-ҳуқуқий ҳужжатлар ва уларнинг лойиҳаларини Ўзбекистон Республикаси учун устувор бўлган халқаро рейтинг ва индекслардаги мамлакатнинг ўрнига таъсири нуқтаи назаридан комплекс баҳолаб бориш.

Кенгашнинг ишчи органлари этиб Молия ва Адлия вазирликлари тайинланган.

Фармонда Молия вазирлигига манфаатдор вазирлик ва идоралар билан биргаликда 2020 йил 1 октябрига қадар Интернет тармоғида “Ўзбекистон Республикаси халқаро рейтингларда” ягона порталининг ишга туширилишини таъминлаш топширилган.

XS
SM
MD
LG