“Зарурат туғилгудек бўлса, Британия ҳукумати бу қадамни қўяди ва бу ишни эзгу ният билан амалга оширади. Ҳонконг турғунларининг кўпи, Пекин ваъдаларига қарамай, ўзларининг ҳаёт тарзлари хатар остида қолганидан хавфсирамоқда. Агар Хитой ўз хатти-ҳаракатлари билан бу хавфсираш асосли эканини намойиш қиладиган бўлса, Британия шунчаки елкасини қисиб, четга ўтиб ололмайди. Биз ўз бурчимизни бажарамиз ва муқобил йўл таклиф этамиз”, деб ёзди Жонсон.
Жонсон қиролликнинг хорижий паспортига эга бўлган ҳонконгликларнинг барчасига Британия ватандошлигини ваъда қилган. Бунақа ҳужжат 350 минг чоғли ҳонконгликда бор, яна 2,6 миллион нафар ҳонконглик ватандошликни Британия собиқ колониясининг турғунлари ўлароқ олиши мумкин. Ҳозирда бундай паспорт Буюк Британияда ишлаш ёки ватандошлик олиш ҳуқуқини бермайди, бироқ бош вазир қироллик виза тизимида кенг кўламли ўзгаришлар ясаб, бу чекловларни бекор қилишга тайёр эканини билдирган.
Ҳонконг шаҳарда махсус маъмурий тартиб-қоидаларни сақлаб қолиш шарти билан 1997 йили Хитойга ўтказиб берилгунига қадар Буюк Британия томонидан бошқариларди. Сўнгги йилларда шаҳар Пекин томонидан босимга учраяпти, Ҳонконг мухолифати Хитойдаги ҳукмрон коммунистик партия шартлашилган “бир мамлакат – икки тизим” тамойилидан узоқлашаётганини билдирмоқда.