Ссылки доступа

Қозоғистон ғарбида маҳбуслар СИЗОда исён кўтарди


Отирау яқинидаги тергов изоляторида 3 июн куни эрталаб маҳбуслар камералар ойнаси орқали қонга ботган кийимларини кўрсатишди ва: «Қутқаринг, тезроқ ёрдам беринг!», дея бақиришди — деб хабар берди «Ақ Жайық» янгиликлар сайти.

Сайт маълумотига кўра, чоршанба куни муассаса дарвозаси олдида маҳбусларнинг бир неча ўнлаб қариндошлари тўпланди.

Шаҳарда яшовчи Лауранинг нашрга айтишича, СИЗОда ушлаб турилган акаси камера деразасидан қонли чойшабни кўрсатган. «Биз тез ёрдам чақиришни сўрадик, аммо [муассаса ходимлари] бизга бинода санқисм борлигини айтишди. Биз ҳеч нарсани билолмаймиз», — дейди Лаура.

Унинг сўзларига қараганда, эрталаб СИЗОга келган қариндошларни тергов қамоқхонаси ҳудудига киритишмади, муассаса томондан баланд овозли мусиқа янграрди.

Вилоят прокуратураси бошқарма бошлиғи Сакен Жандирбаевнинг нашрга баёнот беришича, терговда бўлган бир неча шахс ва бир неча маҳбус «ички тартибга бўйсинмаган». «Ҳозир суриштирув ишлари олиб борилмоқда. Мен ҳозир ичкаридаги барча ҳоҳловчиларни қабул қилдим. Тан жароҳатлари бўйича экспертиза белгиланди», — дея баёнот берди Жандирбаев.

Atpress.kz сайтининг ёзишича, УГ-157/1 муассасада, норасмий маълумотларга кўра, «исён келиб чиққан» ва бир неча киши «карцерга жойлаштирилди». Нашр қариндошларнинг сўзларига таянган ҳолда хабар беришича, ҳибсда бўлган одамлар овқат сифати, сув таъминотидаги узилишлар, камераларнинг санитария ҳолати, малакали тиббий хизмат йўқлигига норозилик билдирган.

ИИВнинг жиноят-ижро тизими қўмитасининг баёнот беришича, 2 июнь куни кечқурун СИЗОдаги текширувдан сўнг беш маҳбус «режимни бузгани» ва бошқа маҳбусларни “тартибсизлик”ка ундагани аниқланди. Қўмита баёнотида таъкидланишича, муассасадаги вазият «барқарор» ва эҳтимолий айбдорлар интизомий изоляторга жойлаштирилди.

XS
SM
MD
LG