Ссылки доступа

Тоқаев Қозоғистонда "рус диаспораси" ибораси ишлатилишини тақиқлади


Қозоғистон президенти Қасим-Жомарт Тоқаев 3 июнь куни "Комсомольская правда"га берган интервьюсида баёнот берар экан, мафкурачиларга "рус диаспораси" деган иборани қўллашни тақиқлаганини маълум қилди.

Тоқаевнинг баёнот беришича, этник келиб чиқишидан қатъий назар барча қозоғистонликлар ўзларини ягона миллат дея ҳисоблайди ва шу сабабли мамлакатда “миллий озчилик” деган тушунча йўқ.

"Яқинда мен хориждаги таҳлилий материаллардан бирида “Қозоғистондаги рус диаспораси” деган иборага кўзим тушди. Мен ўзимизнинг мафкурачилар ва таҳлилчиларни бу каби иборани асло ишлатмасликларидан огоҳлантирдим, чунки бу асл ҳолатга мутлоқо зиддир. Руслар – халқимизнинг бир қисмидир, Қозоғистоннинг оёққа туриши ва тараққиётида уларнинг хизматлари беқиёсдир ва буни асло унутмаслик керак", – деди президент.

Тоқевнинг таъкидлашича, кўплаб русларнинг исми-шарифлари мамлакат тарихига“олтин ҳарфлар”билан ёзилган.

Қозоғистон аҳолиси 18,6 млн кишидан иборат бўлиб, шундан 3,5 миллиондан кўпроғини руслар ташкил қилади, уларнинг улуши салкам 19%дир. Сўнгги йилларда Қозоғистондан МДҲ мамлакатларига фуқароларнинг, асосан русларнинг кетиб қолаётгани кузатилмоқда. Экспертлар бунинг сабаблари сифатида иқтисодий, ижтимоий ва сиёсий факторларни, шунингдек қозоқ миллатчилигини кўради.

XS
SM
MD
LG