Ссылки доступа

Тожикистон қозоқ-ўзбек чегарасида қолиб кетган 237 фуқаросини ватанга қайтарди (видео)


Тожикистон расмийлари қозоқ-ўзбек чегарасидаги «Жибек Жоли» чегара ўтиш пунктида сўнгги бир неча ҳафтадан бери очиқ осмон остида истиқомат қилиб келаётган фуқароларни ватанга қайтарди.

Тожикистон ташқи ишлар вазирлигининг 3 июн куни хабар беришича, 2 июн куни оқшом 237 фуқаронинг ҳаммаси ватанга олиб келинди.

Қозоғистон ва Ўзбекистон март ойи ўрталаридан бошлаб коронавирус инфекцияси тарқала бошлагач ўз чегараларини беркитди.

Тожикистон ТИВ гуруҳни чегарадан ўтишига шароит яратиб бергани учун Қозоғистонга, тожикистонликларни олиб ўтиш учун йўлак яратиб берган Ўзбекистонга миннатдорчилик билдирди.

Бундан аввалроқ тарқатилган хабарда қозоқ-ўзбек чегараси яқинида туриб қолган Тожикистон фуқаролари орасида 17 нафар бола ва 14 нафар аёл борлиги айтилган эди. Улардан айримлари икки ой давомида уйга қайтишлари учун қозоқ-ўзбек чегарасини кесиб ўтиш имкониятига эга бўлмади. Чегарада туриб қолганларнинг ҳаммаси меҳнат мигрантлари бўлиб, Россиядан қайтаётган ва 16 мартга қадар қозоқ-ўзбек чегарасидан ўтишга улгуришмаган эди.

«Биз тожик мигрантларига бу ёрдамни Халқаро миграция ташкилоти (ХМТ)нинг Қозоғистондаги ваколатхонаси кўмагида кўрсатдик, деди Радио Озоди билан суҳбатда «Сана Сезим» ташкилотининг вакили Шаҳноза Ҳасанова. – Аммо тожикистонликлар фахр билан маҳаллий расмийлар, яқин атрофдаги қишлоқлар аҳолиси ҳам кўмак берганини айтишади – кимдир уларга озиқ-овқат, кимдир кўрпа -тўшак олиб келди».

Бундан аввалроқ халқаро ташкилотлар баёнот бериб чегарада туриб қолганлар ноинсоний шароитларда яшаганини айтишган ва Нур-Султон, Тошкент ва Душанбени тожикистонликлар уйларига етиб олишлари учун йўлак яратиш борасида келишувга эришишга чақирган эди. ХМТ мигрантларни автобусларда Сўғд вилоятигача етказиб қўйиш мажбуриятини ўз зиммасига олди.

XS
SM
MD
LG