Ссылки доступа

Мулозимдан таҳдид: "Чегарани ёпаман, жанжалчи қишлоқни харитадан ўчирамиз, Сўхни таъминотдан узамиз!"


Фарғона вилояти ҳокимининг Сўх чегарасини ёпиш, тумандаги "жанжалчи қишлоқларни харитадан ўчириш"ини айтиб, таҳдид қилгани иддао қилинмоқда.

Ижтимоий тармоқларда бир амалдорнинг таҳдидлари қайд этилган бир неча видео ва аудиёзув тарқалди. Уларда Фарғона вилоят ҳокими экани иддао қилинган мулозим норози сўхликларга устма-уст таҳдид қилгани қайд этилган.

Фарғона ҳокимлиги бу иддаоларга ҳозирча муносабат билдирмади. Аммо, видео ва аудиолардаги овозлар ҳоким Шуҳрат Ғаниевнинг муқаддам расмий манбаларда эълон қилинган видеолардаги овозига ўхшашдир.

Аудиодаги овоз эгаси, афтидан, ёпиқ бино ичида йиғилган сўхликлар орасидан 74 кишини қаматишини айтиб, ошкора таҳдид қилади.

Бундан ташқари, Сўх туманидаги “жанжалкаш қишлоқларни” харитадан ўчириб ташлаши, таъминотдан узиб қўйишини айтиб, қўрқитади.

“74 тасини олиб кетайми Фарғонага ёки йўқми?.. Яна бир оғиз гап чиқса, бу ерга келиб ўтирмайман... Ленбургдан ким келган? Қайси қишлоқ жанжалкаш бўлса, биз уни Сўх тумани картасидан нима қиламиз Фарҳод ака, а? Уни Сўх тумани харитасидан ўчириб ташлаймиз, ҳамма таъминот тўхтайди!.. Сизлар нима, бизга катта ташвиш олиб бергани ўтирибсизларми?! 74 та йигитни ҳозир қамасинми?! Тайёрми рўйхат, Ички ишлар бошлиғи, прокуроримиз?! Бўлди, 74 тасини, бўлмасам жўнатворамиз. Ҳозир ҳарбийларни берасизлар, қуролли йигитлардан, Фарғонага олиб бориб қамайсизлар 74тасини!” деб столни ура-ура дағдаға қилади аудиодаги мулозим.

Юқоридаги видео ва аудиодаги мулозимнинг овози муқаддам маълум бўлган ва расман эълон қилинган видеолардаги Фарғона вилояти ҳокими Шуҳрат Ғаниевнинг овозига ўхшашдир.

Норози сўхликлар 1 июнь куни Сўхга борган Бош вазир Абдулла Ариповдан Ғаниевнинг истеъфосини талаб қилди.

Чашма қишлоғидаги мактаблардан бирининг яқинида ўтказилган учрашувда бир неча маҳаллий фаол сўзга чиқиб, Фарғона вилояти ҳокимидан аҳолининг қаттиқ норози эканини айтди.

Фаоллар ҳоким "Сўхни харитадан ўчириб ташлайман, чегарани ёпаман!" деб таҳдид қилди, деб норози бўлди.

Бунинг ортидан норози оломон “Ғаниев кетсин!” дея такрор-такрор қичқирди.

Учрашувда Бош вазир Арипов вилоят ҳокими Шуҳрат Ғаниевнинг истеъфоси ҳақидаги талабларга жавоб бермади.

Аммо, Сўх туманидаги муаммоларга сабабчи бўлган ва хатога йўл қўйган раҳбарларга чора кўрилишини айтиб, умумий жавоб бериш билан чекланди.

XS
SM
MD
LG