Ссылки доступа

Пентагон раҳбари норозиликларни бостиришда армияни ишга солишга қарши чиқди


АҚШ мудофаа вазири Марк Эспер мамлакатда бир неча ҳафтадан бери давом этаётган норозилик намойишларни бостиришга армиядан фойдаланишга қарши фикр айтди.

Норозиликларга афроамерикалик Жорж Флойднинг полиция томонидан ушланганидан сўнг шафқатсизларча ўлдирилиши сабаб бўлди. Намойишчиларни тарқатиш ва тартиб ўрнатишда армиядан фойланиш таклифи АҚШ президенти Дональд Трамп томонидан илгари сурилган эди.

Эспернинг сўзларига қараганда, 1807 йилда қабул қилинган ва президентга қўшинлардан фойдаланиш ҳуқуқини берувчи қонундан энг охирги чора сифатида, энг хавфли ва оғир вазиятлардагина фойдаланиш мумкин. Ҳозир шу каби вазиятларнинг бирортаси ҳам йўқ, дея таъкидлади Пентагон раҳбари. Эспернинг ишонишича, бу каби вазиятларда хукуматга ёрдам бериш учун Миллий гвардия мос тушади. Қуролли кучларнинг махсус бўлинмаси бўлмиш Миллий гвардиядан хукумат фавқулотда вазиятларда фойдаланиб туради.

Норозиликларни бостиришда армиядан фойдланиш борасидаги Трампнинг талабига қарши Пентагоннинг собиқ ва амалдаги раҳбарлари ҳам фикр билдирди.

Кейинроқ чоршанба куни Трамп баёнот бериб, мамлакат ичкарисидаги норозиликларни бостиришда Америка қўшинларидан фойдаланиш мақсадга мувоффиқ эмас деган фикрга келганини айтди.

XS
SM
MD
LG