Ссылки доступа

Хитойда болалар боғчасига қилинган ҳужум оқибатида ўнлаб одамлар, асосан болалар жароҳат олди


Хитой жанубида 4 июнь куни пичоқ ишлатилган ҳолда болалар боғчасига уюштирилган ҳужум оқибатида камида 39 киши яраланди, дея хабар беради Хитойнинг давлатга тегишли ОАВи.

Гуанси-Чжуан мухтор ўлкаси расмийларининг хабар беришича, 37 нафар тарбияланувчи ва катта ёшдаги икки киши турли даражали жароҳат олди. Хабарларга кўра жароҳатланганларнинг катта қисмини 6 ёшгача бўлган болалар ташкил қилади. Давлатга тегишли ОАВнинг хабарига кўра, ҳужумда бинонинг 50-ёшли Ли исмли қоровули гумон қилинмоқда.

Ҳужум сабаблари номаълум, гумондор ушланди, тергов олиб борилмоқда, дея хабар беради Хитой ОАВи.

Давлатга тегишли CCTV телеканали 40 кишининг жароҳат олгани, улардан уч нафари — болалар боғчаси директори, бошқа бир қоровул ва тарбияланувчининг аҳволи оғир экани борасида хабар берди.

Ижтимоий тармоқда тарқатилган видеода бинтлар билан боғлаган ярадор болаларнинг бинодан чиқаётгани, ярадорларни замбилда олиб чиқаётган одамлар ва тиббиёт маркази олдида тўпланган оломон акс этган. Бу Хитойда хавфсизлик кучайтирилган мактабгача таълим муассасасида юз берган биринчи ҳужум эмас.

XS
SM
MD
LG