Ссылки доступа

Қозоғистон соғлиқни сақлаш вазири митингларга чиқмасликка чақирди (видео)


Қозоғистон соғлиқни сақлаш вазири Елжан Биртанов коронавирус пандемияси даврида митингларга чиқмасликка чақирди. 4 июнь куни бўлиб ўтган онлайн-брифингда Биртанов, карантин вақтида оммавий тадбирлар тақиқланганини, одамларнинг тўпланиши инфекция тарқалишига сабаб бўлишини айтди.

«Қонун талабларига итоат қилиш керак. Пандемия, эпидемия шароитида Қозоғистонда бош санитар врач қарори мажбурийдир. Қарорни бузганларга нисбатан маъмурий чора кўрилиши мумкин. Бу каби тадбирларнинг ташкилотчиларига мурожаат қилиб кутишларини сўрайман. Бугунги кунда бу амалда аҳоли учун хавфли тадбир бўлиши мумкин, чунки касаллик тез тарқалиши мумкин», — деди Биртанов.

6 июн куни Қозоғистоннинг бир нечта шаҳрида митингга чиқишга иккита мухолифатдаги гуруҳ даъват қилган эди. Улар хорижда яшовчи собиқ банкир ва муҳолифатчи, «Қозоғистон демократик танлови» (ҚДТ мамлакатда «экстремистик ташкилот» дея эълон қилиниб фаолияти тақиқланган, аммо Европарламент резолюциясида «тинч мухолифат ташкилоти» дея талқин қилинган) ҳаракатининг етакчиси Мухтар Аблязов, шунингдек, Демократик партия тузиш ташаббусини илгари сурган журналист ва фаол Жанболат Мамай бошчилигидаги ташаббус гуруҳидир.

Қозоғистонда эҳтимолий норозилик акцияларидан аввалроқ одатга кўра фаоллар қўлга олина бошланади. Бундан аввалги митингларга чиққан одамлар маъмурий ҳибсга олинган, «тинч йиғилишлар ўтказиш тартиблари тўғрисидаги қонунчиликни бузгани учун» жарима тўлашга мажбурланган эдилар.

Халқаро ҳуқуқни ҳимоя қилувчи ташкилотлар Қозоғистон расмийлари карантинни баҳона қилиб ҳуқуқ ва эркинликларни чеклаши ва фаолларга босимларни кучайтиришидан хавотир олган эди.

.

XS
SM
MD
LG