Ссылки доступа

Тожикистон мактабларида битирув имтиҳонлари бекор қилинди


Коронавирус пандемиси туфайли Тожикистон мактабларида битирув имтиҳонлари бекор қилинди. Бу борадаги қарор COVID-19 тарқалишини олдини олиш Республика штаби томонидан қабул қилинди.

Республика штабининг қарорига биноан, Тожикистонда умумтаълим мактабларининг 9- ва 11-синфлари битувчилари чорак ва йиллик баҳоларига қараб аттестация ҳужжатини оладилар.
Аммо олтин ва кумуш медал олиш учун конкурс талаблари аввалгидек қолади, деди Радио Озоди билан суҳбатда Тожикистон Таълим ва Фан вазирлигининг матбуот котиби Суннатулло Имомов. Мактабни олтин ва кумуш медал билан битирганлар мамлакат олий таълим даргоҳларига киришда имтиёзларга эга бўладилар.
27 апрел куни мамлакат Таълим ва фан вазирлиги мактабларда масофавий таълим бўлмаслигини билдирди. Ўқувчиларнинг таътили 16 августга қадар узайтирилди. Таълим ва фан вазирлиги берган хабарга кўра, ўқувчиларни синфдан синфга кўчириш ўтган йилнинг сентябридан шу йилнинг апрелигача бўлган даврдаги давоматга қараб амалга оширилади.
2020 йилда Тожикистон ўрта мактабларининг 11 синфини 123 минг ўқувчи, 9 синфини эса 162 минг ўқувчи тамомлайди.
Тожикистонда абитуриентлар учун кириш имтиҳонлари 1 июлдан бошланиб 7 июлгача давом этади. Қўшимча имтиҳонлар 12 июлда бўлиб ўтади. Имтиҳонлар коронавирус тарқалишини олдини олиш борасида Соғлиқни сақлаш вазирлиги тавсияларига амал қилинган ҳолда ўтказилади.

XS
SM
MD
LG