Ссылки доступа

Юзлаб машиналар Қирғизистон-Қозоғистон чегарасида туриб қолди


Қирғизистон-Қозоғистон чегарасидаги “Ақтилак-автойўл” Назорат ўтиш пунктида 300–400 машина тирбандликда турибди. Бу ҳақда 4 июн куни Бош вазир ўринбосари Эркин Асрандиев Ўтиш пунктида бўлиб ўтиган мажлисда маълум қилди, дея хабар беради Қирғизистон ҳукумати матбуот хизмати.

Расмий шахсларнинг маълум қилишича, автомобил тирбандлиги бир неча километрга чўзилиб кетган.

Қирғизистон-Қозоғистон чегарасидаги вазият иттифоқдош давлатлар ўртасидаги шартномага мос келмайди, дейди Асрандиев. «Узоқ йиллардан бери Қозоғистон билан чегарада мураккаб вазият кузатилмоқда. Ўтган йилдан бошлаб вазият кескинлашди. Сўнгги ҳафталарда вазият янада кескин тус олди. Бугунги кунда 300–400 машина навбатда турибди», — деди Асрандиев.

Унинг айтишича, шахсан ўзи юк машиналари ҳайдовчиларининг чегарадан ўтиш жараёни билан танишган. «Жараён паспорт назоратидан бошланади, кейинги назорат учун тиббиёт ходимлари томонидан анкета маълумотлари тўпланади, вирусга анализ топширилади, шундан кейин Қирғизистон ҳудудларида юк ташувчиларнинг тест натижалари кутилади. Чиқиш тартиби ҳам мураккаб. Қозоғистон томонидан ҳаммаси жуда ҳам секин амалга оширилади», — дея вазирлар маҳкамаси матбуот хизмати Асрандиевнинг сўзларидан ихтибос келтиради.

Қирғизистон-Қозоғистон чегарасида юзлаб машиналарнинг тирбандлиги борасидаги хабарлар май ойидан бери келмоқда. Қозоғистонга ўтиш учун ҳайдовчилар бир кун кутиши керак. Ҳайдовчи ва фермерлар чегарада туриб қолганликлари учун зарар кўраётганликларидан шикоят қилишади. Қирғизистон ва Қозоғистон — Арманистон, Белорус ва Россия кирган Евроосиё Иқтисодий Иттифоқининг аъзосидир.

«Биз ўтган йилдан бошлаб ЕОИИ регламенти доирасида Ҳаъйатга шикоят қиламиз, чунки вазиятни тўсиқ деб биламиз», — деди Қирғизистон бош вазирининг ўринбосари.

Қозоғистон томони ҳозирча изоҳ бермади.

XS
SM
MD
LG