Ссылки доступа

Тожикистон авиарасмийлари Россияга парвозлар тиклангани борасидаги хабарларни рад қилди


Тожикистон авиарасмийлари халқаро, жумладан Россияга парвозлар тиклангани борасидаги хабарларни рад қилди. Тожикистон мамлакатга коронавирус кириб келиш хавфи боис 20 март куни халқаро йўловчи ташиш учун ўзининг ҳаво ҳудудларини ёпди.

Тожикистон ҳукумати қошидаги Фуқаро авиация Агентлиги 4 июн куни баёнот бериб, санитария-эпидемиологик вазият яхшиланганидан кейингина халқаро парвозлар тикланиши, бу борада расмий хабар берилишини маълум қилди.

Куни кеча «Азия-Плюс» ахборот агентлиги, айрим Россия авиакомпаниялари ўзларининг расмий сайтларида Москвадан Тожикистоннинг Хўжанд ва Душанбе шаҳарларига чипталар сотилаётгани борасидаги хабарни тарқатди. «ЮтЭйр» авиакомпанияси 30 июндан бошлаб Душанбега рейс учун чипта харид қилишни, «Уральские авиалинии» эса 13 июлдан чипта харид қилишни таклиф қилмоқда.

Тожикистон ва Россия ўртасидаги авиақатновларнинг тикланиши борасидаги хабар тожик меҳнат мигрантларини хурсанд қилиб юборди. Аммо Тожикистон ҳукумати ҳузуридаги фуқаро авиация Агентлиги "фуқароларни асоссиз миш-мишларга ишонмасликка, мунтазам рейслар қайта тиклангани борасида расмий хабар эълон қилинмагунга қадар чипта харид қилмасликка чақирди". "Айни дамда Тожикистон Республикаси ва Россия Федерацияси ўртасидаги авиақатновлар қайта тикланмади … Янги турдаги каронавирус - COVID-19 билан боғлиқ вазият яхшиланганидан кейин Тожикистон Республикасида халқаро авиақатновлар тикланади", дейилади агентлик хабарида.

20 март куни Тожикистон барча йўналишлар бўйича халқаро авиақатновларни тўхтатди. Тожикистоннинг юзлаб фуқаролари Россия ва бошқа мамлакатларнинг аэропортларида қолиб кетди.

Тожикистон Россия Туркия, Ҳиндистон, Германия ва БААдан юзлаб фуқароларини қайтарди, аммо минглаб тожикистонликлар юртга қайтишларини кутмоқда.

XS
SM
MD
LG