Ссылки доступа

Ашхабод полицияси автомобилчи аёлларни «овламоқда»


Туркманистонда аёллар борган сари хусусий автомобил бошқаришдан воз кечмоқда. Бунга расмийларнинг рулни бошқараётган аёлларга қўллаётган чекловлари сабаб бўлмоқда. Қора рангли автомобиллар ҳам мунтазам таъқибга олинмоқда.

Ашхабодаги Азатлиқ мухбирларининг хабар қилишларича, полициячилар рулни бошқараётган аёлларни "овлашда" давом этмоқда. Бу сўнги ўн кунда яққол кўзга ташланди. Ҳайдовчилик гувоҳномасидан айрилиб қолишдан қўрққан кўплаб аёллар ўз ҳоҳишлари билан автомобилларини уйда қолдирмоқда.

"Уйда машинасини қолдираётган аёллар сони ошмоқда. Кўпчилик ўтган ҳафтада машинасидан фойдаланмади, улар огоҳлантирилдилар", - дейди Ашхабоддаги Азатлиқ мухбири.

Маълум бўлишича, Йўл полиция бошқармаси ҳайдовчи аёлларни тўхтатиш юзасидан оғзаки равишда топшириқ берган экан.

"Бу бизда авваллари ҳам бўлганидек оғзаки буйруқ. Бутун Туркманистон бўйича амал қилади. Ҳар қандай баҳоналар билан аёл-ҳайдовчилардан машиналарни “олиб қўйиш” борасида режа бор. Кам бўлса [полициячлар] гап эшитади. Бундан ташқари агар гувоҳномасининг муддати ўтиб кетган аёл ушланса, гувоҳнома муддатини узайтиришмайди, балки ишни судга тошириш борасида буйруқ бор", - дейди Азатлиқ мухбири.

Сўнги йилларда Тукманистонда аёллар автомобил бошқаришда мисли кўрилмаган хуқуқ бузилишлари билан тўқнаш келдилар. Янги ҳужжатлар беришдан воз кечиш билан бир қаторда мамлакат йўлларида мунтазам равишда полиция рейдлари ўтказиб турилади, ҳамда аёл ҳайдовчилар тўҳтатилиб турли баҳоналар билан ҳайдовчилик гувоҳномаларидан маҳрум қилинадилар.

Ашхабод аёллари ўзларининг автомобил бошқаришларига қилинаётган тўсиқларни камситиш дея баҳолашмоқда. Туркманистон қонунчилиги аёл ва эркаклар ҳуқуқ ва имкониятлари тенглигини кафолатлайди.

XS
SM
MD
LG