Ссылки доступа

Қирғизистонда номаълум шахслар «3 канал» идорасига ўт қўйди


7 июнь куни эрталаб номаълум шахслар Қирғизистон шимолий-шарқида Талас шаҳридаги «3 канал» идорасига ўт қўйди. Талас вилоят Ички ишлар бошқармаси (ИИБ)нинг хабар қилишича, ёнғин факти бўйича суриштирув ишлари олиб борилмоқда.

ОАВ раҳбари Жаннат Тоқтосунованинг «Азаттиқ» радиосига хабар беришича, ёнғин қасддан содир этилган ва аввалдан режалаштирилган, аланга туфайли офис техникаларининг ҳаммаси ёниб кетди:

«Менинг фикримча, буларнинг ҳаммаси атайлаб содир этилган, номаълум шахслар дераза ойнасини синдириб ёқилғи солинган шишани ичкарига улоқтирган. Агар ўғрилар бўлганда эди, улар бино ичкарисига кириб ўзларига керакли бўлган буюмларни олиб кетишарди. Ўғрилар ўзларини бошқача тутишади. Агар ёнғин исталганида эди ўт қўйиларди. Бу ерда портлаш содир этиш кўзланган эди. Мен буни журналистларни қўрқитиб қўйишга уриниш дея баҳолайман. Унгача ҳам телеканални ёпишга уриниш бўлган эди, аммо биз ҳимоя қилиб чиқдик. Агар офисда портлаш юз берганидами, у ҳолда «техника хавфсизлигига риоя этмади» деганбаҳона билан бизни беркитишарди», - дейди Токтосунова.

Жаннат Токтосунованинг сўзларига қараганда, эфирни таъминловчи барча техника ёниб кетган. Дастлабки маълумотларга кўра, зарарнинг умумий қиймати 10-15 минг долларни ташкил қилади.

«Сиёсий қатоғонларга қаршилик кўрсатиш қўмитаси» («Комитет сопротивления политическим репрессиям») раҳбари, фаол Адиль Турдукулов юз берган ҳодисани эркин медиага босим сифатида баҳоламоқда:

«Шу кунга қадар журналистларга, фуқоро фаолларига ҳужумлар қайд қилинган эди, ўшанда улар калтакланганди. Аммо ИИВ, бошқа куч ишлатиш тузилмалари буни оддий ҳодиса сифатида кўрсатишга уринишган. Менинг фикримча, давлат ОАВ ҳам бу ҳодисани шундай ёритади. Умуман олганда сайловлар ўтадиган йилда сиёсий вазият кескинлашмоқда. Мустақил, шунингдек маҳаллий медиага босимлар кучли бўлади. Мен«3 канал» идорасида юз берган ҳодисани Талас вилоятида муҳолифат ва эркин ОАВга босим кўриниши сифатида қабул қилдим», - дея таъкидлади Турдукулов.

Талас вилоятида хусусий «3 канал» 2017йилдан бери фаолият юритади.

.

XS
SM
MD
LG