Ссылки доступа

Қозоғистонда митинглар куни полиция юзлаб одамларни ушлади (видео)


Олмаота, Нур-Султон ва яна бир нечта шаҳарда 6 июнь куни полиция муҳолифат норозилик акциялари ўтадиган жой дея танлаган майдонларга кириш йўлини блоклади. Хукумат буни «дезинфекция» дея изоҳлади. Қозоғистон бўйича юзлаб одамлар ушланди.

Коронавирус туфайли жорий қилинган фавқулотда ҳолат режими бекор қилинганидан ва тинч намойишлар тўғрисидаги баҳсли қонун кучга кирганидан сўнг ўтказилган илк митингларда Олмаота, Нур-Султон, Чимкент ва бошқа минтақаларда юзлаб одамлар иштирок этди. Шу куни Қозоғистоннинг бир нечта шаҳрида митингга чиқишга иккита мухолифатдаги гуруҳ даъват қилган эди. Улар хорижда яшовчи собиқ банкир ва муҳолифатчи, «Қозоғистон демократик танлови» (ҚДТ мамлакатда «экстремистик ташкилот» дея эълон қилиниб фаолияти тақиқланган, аммо Европарламент резолюциясида «тинч мухолифат ташкилоти» дея талқин қилинган) ҳаракатининг етакчиси Мухтар Аблязов, шунингдек, Демократик партия тузиш ташаббусини илгари сурган журналист ва фаол Жанболат Мамай бошчилигидаги ташаббус гуруҳидир. Митинглар кун тартибида — кредит амнистияси, сиёсий маҳбусларнинг озод қилиниши, ажнабийларга ер сотилишига тақиқ қўйиш талаблари бор эди.

Намойишчилар сиёсий режим ўзгаришини, кредитлар кечиб юборилишини, шунингдек, 2016 йил ушланган ва беш йил мудатга қамоққа хукм қилинган отираулик фаол Макс Бокаев озод қилинишини талаб қилдилар. Бокаев хукуматнинг ер ислоҳатларига қарши оммавий митингдан сўнг ушланган эди. Бу ислоҳатлар ажнабийларга узоқ муддат ерни ижарага беришни назарда тутарди (норозиликлар фонида хукумат Ер кодексига киритилиши кутилаётган ўзгаришларни тўхтатиб қўйди).

Олмаота ва Нурсултон санитар врачлари ўтган ҳафтада оммавий йиғилишлардан тийилиб туришга чақирди, улар буни «касалланиш эҳтимоли юқорилиги» билан изоҳладилар. Бош прокуратура эса ўзининг огоҳлантиришида карантин режимига таянди.

Қозоғистонда умумий ҳисобда қанча одам ушлангани аниқ эмас. Ички ишлар вазирлиги ва минтақавий полиция департаментлари бу борадаги маълумотларни тақдим қилмади.

Митингларга қадар мамлакатда фаолларни превентив ушлашлар амалга оширилди, айримлар шанба куни полицияга боришлари юзасидан чақирувнома олишди.

Халқаро ҳуқуқни ҳимоя қилувчи ташкилотлар Қозоғистон расмийлари карантинни баҳона қилиб ҳуқуқ ва эркинликларни чеклаши ва фаолларга босимларни кучайтиришидан хавотир олган эди. Human Rights Watch ташкилоти баёнот бериб, хукуматнинг коронавирус пандемиясига қарши кураши мақсадлар доирасидан чиқиб кетишини,карантин чоралари эса баъзан «ўзбошимчалик ва номутаносибликка айлангани»нитаъкидлади.

XS
SM
MD
LG