Ссылки доступа

АҚШда полиция зўравонлиги ва ирқий тенгсизликка қарши намойишлар давом этмоқда


АҚШда 12 кундирки, полициячиларнинг зўравонлиги ва ирқий тенгсизликка қарши норозилар намойиши давом этмоқда. Шу йилнинг 25 май куни Миннеаполис шаҳрида, камида 20 киши гувоҳлигида, оқ танли полициячилар 46 ёшли афроамерикалик Жорж Флойдни ўлимига сабаб бўлди.

6 июнь куни бу ҳодисадан норози минглаб одам иштирок этган намойиш, ҳодиса содир бўлганидан буён кузатилган энг йирик акция бўлди.

Вашингтон кўчаларига минглаб одам чиқди. Кўплаб намойишчи Капитолий ҳамда Оқ уй яқинида тўпланди.

Вашингтон бўйлаб бетон тўсиқларни ўрнатилди, парклар ёпилди. Ҳарбийлар ва ҳарбий машиналар, полициячилар шаҳарнинг марказий кўчаларидан бир нечасини ёпиб қўйди.

Шаҳар мэри Мюриел Боузер Оқ уй олдида намойишчилар томонидан олқишлар билан кутиб олинди. Бир кун олдин у намойишчиларнинг тўпланиш нуқтасига айланган жойни Black Lives Matter Plaza – «Қора танлиларнинг ҳаёти ҳам муҳим» акцияси шарафига номланган Плаза, деб атаган эди.

Шунингдек, Нью-Йорк, Филадельфия, Сиэтл, Чикаго ва Лос-Анжелесда ҳам йирик акциялар бўлиб ўтди. Кичикроқ шаҳарларда ва қишлоқларда ҳам одамлар норозилик акцияларига чиқди.

Шимолий Каролина штатида юзлаб одам Флойд улғайган уй яқинида уни хотирлаш учун тўпланди. Флойд 8 май куни Хьюстон шаҳрида дафн этилади.

Флойднинг ўлими ортидан бошқа давлатларда ҳам норозилик акциялари бўлиб ўтди. Хусусан, Берлин, Париж, Лондон ва бошқа кўплаб шаҳарда минглаб одам намойишга чиқди. Лондонда намойишчилар бош вазир Борис Жонсон офиси яқинида полиция билан тўқнашди.

Берлинда ҳам расмийлар 100 нафар намойишчи қўлга олинганини хабар қилди.

Австралияда ҳам минглаб одам ҳукуматнинг коронавирус ҳақидаги огоҳлантиришларига қарамай, норозилик акциясига чиқди.

XS
SM
MD
LG