Ссылки доступа

Кулоб шаҳар раҳбари коррупция бўйича ушланди


Бахром Иноятзода
Бахром Иноятзода

Хатлон вилоятининг Кулоб шаҳар раиси Баҳром Иноятзода "коррупцион характерда жиноят содир этгани боис" ҳибсга олинди, дея хабар берди Тожикистон Миллий хавфсизлик давлат қўмитаси(МҲДҚ) матбуот хизмати.

Тожикистон президенти Эмомали Раҳмон 8 июн куни Баҳром Иноятзодани эгаллаб турган лавозимидан озод қилди. Давлат раҳбари бошқа бир фармон билан Турсунзода шаҳар маъмуриятига раҳбарлик қилиб келаётган Абдуқодир Вализодани Кулоб шаҳар раиси вазифасини бажарувчи этиб тайинлади.

Тожикистон МҲДҚнинг 8 июн куни хабар беришича, Баҳром Иноятзода коррупция айби бўйича ушланди. Ҳодисанинг бошқа тафсилотлари ҳозирча номаълум. Бироқ, муассасанинг «Ховар» ахборот агентлиги томонидан тарқатилган хабарида таъкидланишича, 2020 йилнинг 27 май куни фирибгарлик гумони билан Кулоб шаҳар раҳбарининг хизмат машинаси ҳайдовчиси Хуррамов Хурсандали Пардаевич, 2020 йилнингг 3- июн куни эса шаҳар раҳбарияти қабулхонаси мудири Қурбанов Фируз Давлатхўжаевич ҳибсга олинди.

«Дастлабки терговга кўра, ушланганлар Хуррамов Х.П. ва Қурбанов Ф.Д. Кулоб шаҳар раиси Баҳром Иноятзоданинг топшириғига биноан бу ишни қилганликларини тан олишди», дейилади Тожикистон МҲДҚ матбуот маркази хабарида.

6 июн куни Хатлон вилоят прокуратурасидаги манбанинг Радио Озодига маълум қилишича, Кулоб шаҳар раисининг ҳайдовчиси Хурсандмурод Хуррамов 29 май куни автомашина салонида маҳаллий аҳоли вакили М.Адан пул олаётганида ушланди. Терговга кўра, Хуррамов бунинг эвазига Кулобда яшовчи фуқорога Лағмон қишлоғидан ер участкаси олиб беришга ваъда қилган. Тергов идоралари Хурсандмурод Хуррамовга ТР Жиноят кодексининг 247 (фирибгарлик) моддаси бўича айблов қўймоқчи, дея қўшимча қилади манба.

Тожикистон МҲДҚнинг маълум қилишича, Баҳром Иноятзоданинг коррупция билан боғлиқ қилмишлари юзасидан Кулоб аҳолисидан ариза тушган. Муассасанинг баёнотига кўра, "текширув давомида шаҳар раҳбарининг коррупция фаолияти билан боғлиқ факт тасдиқланди".

XS
SM
MD
LG