Ссылки доступа

Чегарадаги низода отилган ўқдан оғир жароҳатланган сўхлик боксчи йигит оëққа турди


Ўзбекистон - Қирғизистон давлат чегарасида 31 май куни бўлган инцидентда ўқ еб, оғир жароҳатланган 19 яшар сўхлик боксёр йигит Саиджон Тиллааминов оёққа турди.

Ўзини кўриш учун Ўзбекистон Соғлиқни сақлаш вазири касалхонага келганини айтган боксчи йигит¸ қандай жароҳатлангани билан на ИИВ ва прокуратура¸ на ДХХдан ҳеч ким қизиқмаëтганини қўшимча қилди.

Сўхнинг Зангад қишлоғида яшайдиган Саиджон Тиллааминов, чегаранинг икки тарафида яшаётган қўшни қишлоқлар аҳолиси ўртасида низо кучаймаслиги учун ўзига ўқ узганлар жазоланишини талаб қилмаслик ниятида.

31 май куни Ўзбекистон ва Қирғизистон ўртасидаги чегара ҳудуди - Фарғонанинг анклави бўлган Сўх тумани билан Боткен вилоятининг Қадамжой тумани ўртасидаги баҳсли ҳудудда жойлашган Чашма булоғи суви устида жанжал келиб чиқди.

Расмий баёнотларга кўра, жанжалда чегаранинг икки тарафидан мингдан ошиқ одам қатнашган, томонлар бир-бирини тошбўрон қилган, бир неча уйга ўт қўйилган.

Бу инцидентда ўқотар қуролдан жароҳатланган Саиджон Тиллааминов ҳодиса содир бўлган пайтда уйида бўлган ва ўртоқлари ёнаётган уйни ўчириш учун уни ёрдамга чақиришгач, воқеа жойига борган.

Бу йигит 31 май кунги инцидент давомида ўқ егани айтилаётган 13 сўхликдан биридир.

"Жароҳатим учта, лекин битта ўқ тегиб ўтган учта жойимга. Жинсий аъзога дейишгани ҳам тўғри эмас. Қоннинг ичида ётганим учун шунақа кўринган. Жароҳат қорнимдан пастда, жинсий аъзонинг ёнидан ўтиб, сонимни тешиб кирган - ўқ бир тарафидан кириб, бошқа тарафидан чиқиб кетган. Лекин ҳозир яхшиман", деди суҳбатдош.

1 июнь куни Сўх туман Тиббиёт бирлашмаси ва бу ерда ишлайдиган бир неча шифокор, инцидент рўй берган куни ўқ еган 13 одамнинг бирлашмага келтирилгани, жами 187 сўхликнинг жароҳатланганини билдирган эди.

Ўша куни Сўх туман ҳокимлиги ахборот хизмати, жами жароҳатланган 187 беморнинг 15 нафари вертолётларда вилоят шифохоналарга етказилганини тасдиқлаган эди.

Саиджон ўқ егани айтилган 13 беморнинг ҳаммасини таниши ва уларнинг ҳозирда ўзи билан бир шифохонада даволанаётганини билдирди:

Қирғизистоннинг Боткен вилояти Ички ишлар бошқармаси матбуот котиби Дамира Юсупова "31 май кунги инцидентда қирғизистонликлар томонидан бирорта ўқ отилмаган ва бирорта қурол қўлланилмаган", деб баёнот берган.

Саиджон Тиллааминов Сўх ва унга яқин вилоятларда боксчи йигит сифатида ном чиқарган. У уч давлат - Ўзбекистон, Қирғизистон ва Тожикистонлик ёш боксчилар орасида ўтган турнирларда қатнашган, 2019 йилда шундай халқаро турнирлардан бирида иккинчи ўринни олган.

Айтишича, 31 май кунги инцидентда олган жароҳати унинг боксдаги келгуси карьерасига таҳдид қилмайди:

"Икки ойда тузаламан. Кейин яна машғулотларни бошлайман. Кейин Олий ўқув юртига имтиҳон топширишга тайёрланяпман. Фарғонада Жисмоний тарбия ва спорт йўналишида ўқишга киришни ният қилганман", деди Саиджон.

XS
SM
MD
LG