Ссылки доступа

Миннеаполисда полиция департаменти тарқатиб юборилиши мумкин


Миннеаполис (Миннесота штати, АҚШ) шаҳар кенгаши аъзоларининг кўпчилиги маҳаллий полициячилар томонидан қўлга олинган афроамерикалик Жорж Флойд ўлими ортидан полиция департаментининг тарқатиб юборишга оид таклифни дастаклади.

Флойднинг ўлими Миннеаполисда ҳам, АҚШнинг бошқа кўплаб шаҳарларида ҳам ирқчилик ва полиция зўравонлигига қарши оммавий норозилик намойишлари ўтказилишига сабаб бўлган.

Миннеаполис шаҳар кенгаши аъзоларининг 12 нафаридан 9 нафари якшанба куни ўтказилган митингда полицияни жамоат хавфсизлигини сақлайдиган бирор-бир муқобил тизим билан алмаштириш тарафдори эканларини билдирганлар. Бу режа феълан ҳали тасдиқланган эмас. Муниципал полиция маҳаллий расмийларга бўйсунгани учун шаҳар кенгашида бундай ваколат бор.

Шаҳар мэри Жейкоб Фрей мазкур таклифни шу кўринишда қўлламаслигини билдирган, бунинг ортидан намойишчилар унинг сўзини ҳуштак билан бостириб юборганлар.

Полиция департаментларини молиялаштиришни бас қилиш норозилардан бир қисмининг шиорларидан бири бўлиб ҳисобланади. Улар полицияни (энг аввало, ирқий ва миллий озчиликка нисбатан) зўравонликда айбламоқдалар. Намойишчиларнинг бир қисми полициячилар сонини қисқартириш ва полицияни айрим ваколатлардан маҳрум қилиш зарур, деб ҳисоблайди. Полицияга сарфланаётган маблағларни улар ижтимоий эҳтиёжларга ҳамда шаҳарнинг ҳар бир жамоаси муаммоларини ўрганиб, зиддиятларни бартараф қилиш билан шуғулланадиган “жамоатчи ташкилотчилар” тармоғини кенгайтиришга йўналтиришни таклиф қилмоқдалар.

XS
SM
MD
LG