Ссылки доступа

Қирғизистонда карантинда қолиб кетган аёллар Ўзбекистонга ўтказила бошланди


Ўзбекистон фуқароларига турмушга чиққан қирғизистонлик аёллар Ўшдаги “Дўстлик” чегара пункти орқали навбат билан Ўзбекистонга ўтказилмоқда. Бу ҳақда 9 июнь куни Қирғизистон Омбудсмени маъмурияти маълум қилди.

Расмий билдирувда айтилишича, коронавирус бўйича карантин жорий этилишидан олдинроқ Қирғизистонга яқинларини кўришга келган ва карантин оқибатида Ўзбекистонга қайта олмай қолган аёлларнинг рўйхати тузиб чиқилди. Аёллар мана шу рўйхат асосида ҳар куни навбат билан чегарадан ўтказилмоқда.

Икки давлат Ташқи ишлар вазирликлари Ўзбекистонга ўтказилишидан олдин аёллар 14 кунлик обсервацияда сақланиши ҳақида келишиб олганлар. Бироқ обсервацияда ўринлар чекланганлиги сабабли улар навбат билан обсервацияда ётқизилмоқда. Оилалари бағрига қайтмоқчи бўлган аёллар рўйхатини Ўзбекистоннинг Қирғизистондаги элчихонаси шакллантирмоқда.

Қирғизистонга яқинларини кўриш учун келиб карантинда қолиб кетган ўзбекистонлик 50 нафар аёлдан иборат биринчи гуруҳ 23 май куни Ўзбекистонга ўтказилган эди.

Ўз уйларига қайта олмаётган мазкур аёллар 21 май куни Қирғизистон Ташқи ишлар вазирлигининг Ўшдаги ваколатхонасига келиб ёрдам сўраган эдилар.

XS
SM
MD
LG