Ссылки доступа

ИИВ: Бойсунда "Жиҳодчилар" гуруҳи қўлга олинди


Сурхондарё вилояти Бойсун туманида 8 июнь куни Ўзбекистон ҳудудида фаолияти тақиқланган “Жиҳодчилар” экстремистик оқимнинг бир гуруҳ аъзолари қўлга олинди, деб хабар берди Ички ишлар вазирлиги матбуот хизмати.

Расмий билдирувда таъкидланишича, “Жиҳодчилар”ни қўлга олиш амалиёти Сирдарё вилоят ички ишлар бошқармаси ва ДХХ ходимлари билан ҳамкорликда амалга оширилган.

Вазирликнинг иддао қилишича, “гуруҳ аъзолари”нинг уйлари тинтув қилинганида уяли алоқа воситалари ва компьютерлардан тақиқланган адабиётлар топилган. Улар бу адабиётларни сақлабгина қолмай, тарқатиш билан ҳам шуғулланишган.

“Дастлабки текширувлар натижасида аниқланишича, экстремистик гуруҳнинг аъзолари меҳнат мигранти сифатида Россия Федерациясига бориб, у ерда ишлаши давомида халқаро террористик ташкилотларнинг ёт ғояларга ёлловчи ғоялари таъсирига тушиб, оқим ғояларини қўллаб-қувватлаб келганлиги, яшаш манзилларига келганларидан кейин ҳам туман ҳудудида “Жиҳодчилар” экстремистик оқимнинг яширин жамоатини тузиб, яқинлари орасида даъват қилиш ишларини олиб бориб, экстремистик руҳдаги материалларни тарқатиб келаётганлиги аниқланди”, - дейилади хабарда.

Ҳозирда, аниқланган материаллар юзасидан судга доир адабиётшунослик экспертизалари тайинланиб, дастлабки тергов ҳаракатлари олиб борилмоқда.

Ички ишлар вазирлиги январь ойида ҳам Тошкентда “Жиҳодчилар” гуруҳи ИИВ ва ДХХ томонидан қўлга олингани ҳақида хабар берган эди. Май ойининг охирларида эса Фарғонада “Ҳизб ут-Таҳрир” аъзолари қўлга олингани маълум қилинган.

XS
SM
MD
LG