Ссылки доступа

Сўхдаги низо пайтида уйи ёниб кетганларга вақтинчалик уй-жой берилди


Сўх тумани Чашма қишлоғида содир этилган жанжалда ёниб кетган учта уй давлат томонидан қайта қуриб берилади. Бу ҳақда Сўх туман ҳокимлиги матбуот хизмати 8 июнь куни маълум қилди.

Хабарда айтилишича, 11 кишидан иборат бўлган уч оила – Исроилжон, Анваржон ва Ўлмасой Бекназаровларнинг уй – жойлари ёниб кӯл бӯлган. Уларга барча шароитлари мавжуд бўлган вақтинчалик турар-жой берилган.

“Куни кеча туман ҳокимлиги томонидан барча 11 нафар бошпанасиз қолган Бекназаровлар оила аъзолари учун янги кийим-кечаклар ҳам харид қилинди. Эътиборли жиҳати шундаки, бу оилаларнинг уй жойлари замонавий тарзда давлат томонидан қуриб бериладиган бӯлди”, - дейилади расмий хабарда.

31 майда Сўх туманидаги Чашма қишлоғи ҳамда Қирғизистонинг Қадамжой тумани Чечме қишлоғи ўртасидаги булоқ суви талашидан жанжал келиб чиққан эди.

Ўқотар қуроллар ишлатилган ва тошбўронлар бўлган можаро чоғида Ўзбекистон томонидан 187 киши, Қирғизистон тарафидан эса 25 киши ярадор бўлгани расман билдирилган.

XS
SM
MD
LG