Ссылки доступа

COVID-19га чалинган тожикистонликлар: "Касаллик варақасисиз маош берилмаяпти"


Тожикистонда COVID-19га чалинганларнинг нолишича, касаллик варақасисиз иш берувчилар маош бермаяпти ёки маошнинг 50% тўламоқда.

Шифокорларнинг айтишларича, касаллик варақасини бериш тиббиёт муассасаларнинг вазифаси бўлиб, коронавирус авж паллага чиққан даврда касаллик варақаси ёзишга фурсат бўлмади. Юристларнинг таъкидлашларича, бу каби вазиятларда расмийлар қонунга ўзгартиш киритиши керак.

Шифокорларнинг айтишларича, касаллик варақасини бериш тиббиёт муассасалари маъмурияти ваколатига киради.

COVID-19га чалинган кўплаб тожикистонликлар шу кунларда айни муаммо билан тўқнаш келди. Касаллик варақасининг йўқлиги иш берувчилар ва соғайиб чиққан фуқаролар ўртасида тушунмовчиликларга сабаб бўлди. Тожикистон қонунларига кўра, ходимга касаллик варақаси ёки вақтинча ишга яроқсизлиги тўғрисида варақа берилиши керак.

Айни шу варақага кўра иш берувчи меҳнат стажига қараб ойлик маошнинг 60 фоизидан 80 фоизигача тўлайди.

Тожикистон президенти ўтган ҳафтада имзолаган фармонга кўра, ҳукуматга «COVID-19 инфекцияси билан боғлиқ тиббиёт кўригида бўлган Тожикистон фуқароларига меҳнатга яроқсизлик бўйича варақа бериш ва товон тўлаш борасида зарур чораларни кўриш» топширилди.

Тожикистон расмийлари 30 апрел куни мамлакатда коронавирус мавжудлигини тан олганидан сўнг, шифохоналар касалларга тўлиб кетди ва шунда ҳам оғир беморлар қабул қилинди, қолганлар уйда даволанмоқда.

Бироқ кўплаб тожикистонликлар уйда ва шифохонада даволанганларига қарамай ҳамон касаллик варақасини олмаганликларидан шикоят қилишмоқда. COVID-19га чалинган айрим фуқароларнинг айтишича, касаллик варақасини тақдим қилмаганлари боис уларнинг маошлари тенг ярмига қирқилди ёки бир тийин ҳам олишмади.

XS
SM
MD
LG