Ссылки доступа

Тожикистонда ниқобсиз кўчага чиққанларга жарима жорий қилинади


Тожикистонда коронавирус мавжудлиги борасида расман эълон қилинганидан 40 кун ўтиб ҳукумат кўчага ниқобсиз чиққанларни маъмурий жавобгарликка тортиш борасидаги қонун лойиҳасини кўриб чиқиш учун парламентга тақдим қилди.

8 июн душанба куни Мажлиси намояндагондаги камида уч манба Радио Озодига санитар меъёрларга риоя қилмайдиганларга, жумладан ниқобсиз юрганларга нисбатан жавобгарликни кўзда тутган маъмурий кодексга ўзгартиш киритишни назарда тутувчи қонун лойиҳаси келиб тушганини тасдиқлади.

Мамлакат парламенти қуйи палатасининг қонунчилик ва инсон ҳуқуқлари қўмитаси аъзоси Равшан Ражабзода лойиҳа депутатлар томонидан кўриб чиқилаётганини тасдиқлади, шу билан бирга бошқа изоҳ бермади.

Мазкур қўмитадаги бошқа бир манба ўз исмини ошкор қилмаслик шарти билан 9 июн куни Мажлиси намояндагон раҳбарияти томонидан кўриб чиқилганидан сўнг парламентнинг қуйи палатаси Кенгашига юборилганини ва қўмиталарда кўриб чиқилганидан сўнг маъқуллаш ва қабул қилиш учун парламент депутатларига тақдим қилинишини айтди.

Тожикистон расмийлари коронавирус инфекцияси юқишининг олдини олиш мақсадида тиббиёт ниқоби тақишни мажбурий қилиб қўйди, аммо ҳанузгача ниқобсиз юрганларга нисбатан чора кўриш учун юридик асослар йўқ эди.

Душанбеда яшовчи Шаҳло, дорихоналарда ниқоблар 5 сомонидан 35 сомони($0,5-$3,5)гача сотилаётганини, ўзида эса ҳимоя воситасини харид қилиш учун имконият йўқлигини айтади.

ЖССТнинг баёнот беришича, ниқоб тақиш –COVID-19га қарши курашнинг комплекс стратегияси элементларидан биридир, биргина ниқоблар билан коронавирусдан ҳимояланиб бўлмайди. Кенг жамоатчилик ва аҳолига ниқоб тақиш борасидаги тавсиялар янгиланмоқда. ЖССТ барча мамлакат ҳукуматларига мурожаат қилиб ижтимоий масофа сақланишининг имкони бўлмаган жойларда – жамоат жойлари, жамоат транспорти, ёпиқ жой ва бошқа ерларда аҳолини ниқоб тақишга даъват қилишга чақирмоқда.

XS
SM
MD
LG