Ссылки доступа

Қозоғистон президенти администрациияси раҳбарининг собиқ ўринбосари муддатдан аввал озодликка чиқди


2017 йилда “давлат сири” иши бўйича беш йил қамоққа ҳукм қилинган Қозоғистон президенти администрацияси раҳбарининг собиқ ўринбосари Баглан Майлибаев муддатдан аввал озодликка чиқди. Унинг 30 май куни озод қилингани энди маълум бўлди.

Пойтахт Жиноят-ижро тизими департаменти(ЖИТД)нинг хабар қилишича, Баглан Майлибаев Нур-Султондаги тергов изоляторидан 30 май куни озод қилинди ва «Нур-Султон шаҳрига юборилди». Майлибаев ўзига берилган муддатни адо этмасдан озод қилинди. У яна бир йилу тўрт ой 21 кун жазо муддатини ўташи керак эди, дея ойдинлик киритди ЖИТДи.

Багланнинг отаси Асаубай Майлибаевнинг Азаттиқ радиосига маълум қилишича, озод қилинган ўғлининг саломатлиги жойида.

Баглан Майлибаев 2017 йил 12 январ куни президент администрацияси раҳбарининг ўринбосари лавозимидан озод қилинди. Бир неча кундан кейин миллий хавфсизлик қўмитаси Майлибаев “Давлат сирларини қонунга зид равишда тўплаш, тарқатиш ва ошкор қилиш” моддасида кўзда тутилган жиноятлари учун ушланганини маълум қилди.

Майлибаев президент администрациясида 2011 йилдан бери мафкуравий ва ички сиёсат масалалари бўйича секторга маъсул эди. У ёпиқ режимда суд қилинди ва мол-мулки мусодара қилиниши билан беш йил муддатга колонияга ҳукм қилинди ва умрбод давлат идораларида ишлаш ҳуқуқидан маҳрум бўлди. Иш материаллари ёпилди, Майлибаев кимнинг манфаатларига ишлагани, давлат сирларини ким учун тўплагани ва ошкор қилгани жамоатчиликка маълум қилинмади.

XS
SM
MD
LG