Ссылки доступа

Уфада тожикистонлик талаба чўкаёган болани қутқарди, аммо ўзи ҳалок бўлди


Бошқирдистон раҳбарияти чўкаётган болани қутқариб, аммо ўзи ҳалок бўлган Ҳожимурод Қаландаровнинг оиласига ва тожик халқига чуқур таъзия изҳор қилди.

Фожиа 7 июн куни Уфқадаги Белая дарёсида юз берди. Бошқирд Аграр университетининг биринчи курс талабаси Ҳожимурод Қаландаров ўзининг дўсти билан дарё бўйида дам олаётган эди, шу вақт йигитлар чўкаётган икки болакайни кўриб қолишди. Йигитларнинг ҳар иккиси сувга сакрашди ва болаларни соҳилга олиб чиқишди, аммо Ҳожимурод сувдан чиқа олмади ва чўкиб кетди. Унинг жасади бир неча соатдан сўнг қутқарувчилар томонидан топилди.

Бошқирдистон бош вазирининг ўринбосари Фанур Ягафаровнинг айтишича, марҳумнинг жасадини юртга қайтариш масаласи кўриб чиқилмоқда.

Тожикистоннинг Москвадаги элчиси Имомуддин Сатторовнинг айтишича, тожикистонликнинг жасадини имкон қадар тезлик билан ватанга олиб бориш масаласи ўрганилмоқда. «Ҳозирча мунтазам рейсларнинг қачон тикланиши аниқ эмас, шунингдек, махсус рейсларнинг санаси ҳам маълум эмас. Биз авиақатновларни кутмасликка ва жасадни музлатгич камераси бўлган махсус микроавтобусда жўнатишга қарор қилдик. Айни дамда Тожикистон ТИВ Қозоғистон ва Ўзбекистондан рухсат олишга уринмоқда. Бугун-эрта рухсат олинишга умид қиламан. Тожикистоннинг Уфадаги Бош консули бу масала билан шуғулланмоқда», -дея таъкидлади Сатторов.

Ўтган йили Ҳожимурод Қаландаров Бошқирд давлат аграр университетининг механика факультетига ўқишга кирган эди.

Ҳожимурод Қаландаровнинг қариндошлари Рудакий туманидаги Ганжобод қишлоғида истиқомат қилишади. Марҳумнинг отаси Саидакбар Қаландаровнинг айтишича, Бошқирдистоннинг юқори лавозимли амалдорлари ва Ҳожимурод таҳсил олаётган университет администрацияси вакиллари таъзия билдиришди. «Шундай ўғилни тарбия қилганим учун миннадорчилик билдиришди. Ўғлимни мақташди. Қандай ёрдам кераклигини сўрашди. Мен ўғлимнинг жасадини ватанга қайтаришдан бошқа ёрдам керак эмаслигини айтдим», -дейди Саидакбар Қаландаров.

Ҳожимурод ходисадан уч соат аввал отаси билан видеоалоқа орқали суҳбатлашган эди. Ўшанда у ёзги таътилни уйда ўтказиш учун чегаралар очилишни кутаётганини айтганди.

Ҳожимуроднинг курсдоши Азизода Азимнинг тахмин қилишича, Ҳожимуроднинг оёғи совуқ сувда тортишиб қолгани боис у суза олмаган бўлиши мумкин, аммо у яхши сузувчи эди.

Ҳар йили ўқиш учун Россияга Тожикистондан 4 минга яқин талаба йўл олади.

XS
SM
MD
LG