Унда қайд этилишича, хорижий субъектлар ва ЕИга кирмаган мамлакатлар, хусусан Россия ва Хитой Европада, қўшни ўлкаларда ва бутун дунёда аниқ бир мақсадни кўзда тутган таъсир ўтказиш амалиётлари ҳамда дезинформацион кампанияларда иштирок этмоқда.
“Бунга муносабат билдирмаслик жуда хатарли бўларди. Пандемия бизга ёлғон маълумот жиддий зарар етказиши мумкинлигини, ҳатто одамларни ўлдириши, давлат идоралари томонидан хасталикка қарши кураш борасида кўралаётган чораларни йўққа чиқариши мумкинлигини кўрсатди”, дея иқтибос келтиради Еврокомиссия мулозимаси Вера Юрова сўзларидан Bloomberg агентлиги. Унга кўра, давлат томонидан молиялаштирилаётган хорижий пропаганда одамларни шубҳа ва қўрқувга солмоқчи.
Ҳужжатда ЕИ учинчи мамлакатлардаги мустақил ОАВ ва журналистлар, фуқаролик жамияти субъектларига дастак ва кўмакни ошириши, шунингдек, матбуот эркинлиги бузилаётган ҳолатларни мониторинг қилиш учун қўлловни кучайтириши айтилган. Бундан ташқари, ЕИ ижтимоий тармоқ ва онлайн платформалардан фактларни текшириш ва фойдаланувчилар хабардорлигини оширишни талаб қилиб, уларни эътиборлироқ бўлишга ундаган.
Европа Иттифоқи Россия ва Хитойни дезинформацион кампания юритишда илк бор айблаётгани йўқ. Апрель ойи охирида Россия ташқи ишлар вазири Сергей Лавров Москва ҳақида айтилаётган бу иддаоларнинг далили йўқлигини билдирган. Мазкур айбловларни Пекин ҳам рад этиб келади.