Ссылки доступа

Тожикистон қамоқхоналарида 11 маҳбус вафот этди. Зотилжам ёки коронавирусданми?


Тожикистон расмийлари мамлакатда коронавирус мавжудлиги борасида баёнот берган 30 апрелдан шу кунга қадар мамлакат қамоқхоналарида 11 нафар маҳбус вафот этди.

Бироқ, Жазони ижро этиш бош бошқармаси (ЖИЭББ) вафот этганларнинг ўлимига COVID-19 эмас, балки зотилжам сабаб бўлганини маълум қилди. ОАВда пандемия шароитида ёпиқ муассасаларда ўлим ҳолатлари ҳақида хабар тарқатилиши маҳбусларнинг қариндошлари ва ҳуқуқ ҳимоячиларини ташвишга солмоқда.

ЖИЭББ бошлиғи Мансуржон Умаровнинг Радио Озоди билан суҳбатда айтишича, юқори ҳарорат билан шифохонага ётқизилаётган маҳбуслар сони сўнгги кунларда камайди ва бугунги кунда юқори ҳарорат 7 нафар маҳбусда қайд қилинди.

Юқори ҳарорат коронавирус инфекциясининг асосий аломатларидан бири ҳисобланади, бироқ пенитенциар муассаса вакиллари маҳбуслар орасида коронавирус қайд қилинганини кескин инкор қилади.

Мансуржон Умаровнинг айтишича, Тожикистон қамоқхонасида 11 нафар маҳбус айнан зотилжамдан вафот этди. «Улар текширилганида зотилжам аниқланди», -дея таъкидлади у.

Маҳкумнинг ўғли Шуҳрат Раҳматуллонинг Радио Озоди билан суҳбатда айтишича, шифокорга отасининг рентген-таҳлилини кўрсатган ва «беморда 90% COVID-19» эканини айтган. Унинг сўзларига қараганда, отаси ва бошқа бемор маҳбуслар коронавирус тестидан ўтмаган, зарур дори дармонларни қариндошлар қамоқхонага элтиб беришган.

«Маҳбусларга дори беришмаяпти, фақат ниқоб беришди, отам ҳаётини сўнгги дақиқасигача битта ниқобдан фойдаланди, аслида санитар нормаларга кўра ниқоблар ҳар 3-4 соатда алмаштирилиши керак. Отам ниқобни ювиб, қайта тақққан. Уларда барча маҳбуслар учун фақат битта ҳарорат ўлчагич бор», - дейди Раҳматулло Ражабнинг ўғли.

Тожикистон сиёсий маҳбуслар ва тутқинларпни ҳимоя қилиш Қўмитаси фуқаролик жамияти фаоллари, ЖССТ, “Чегара билмас шифокорлар”, Қизил Хоч ва Қизил Ярим ой жамиятлари ходимларидан иборат комиссия тузилишини ва бу комиссияга маҳбусларнинг аҳволини ўрганиш учун ёпиқ муссасаларга кириш имконияти яратилишини талаб қилди. Қўмита шунингдек бемор маҳбусларни ёпиқ муассасалардан ташқаридаги алоҳида шифохонага жойлаштиришни таклиф қилди.

XS
SM
MD
LG