Ссылки доступа

АҚШда икки миллиондан ортиқ кишининг COVID-19га чалингани аниқланди


АҚШда коронавирус инфекциясига чалинганлар сони сўнгги маълумотларга кўра, икки миллиондан ошиб кетди.

Бир нечта штатнинг Соғлиқни сақлаш хизматлари май ойининг сўнги душанбасида нишонланган Хотира куни муносабати билан эълон қилинган дам олишлардан сўнг шифохонага ётқизилган коронавирусга чалинганларнинг сони ошганини маълум қилди.

Аризона штатида 10 июн куни рекорд даражада COVID-19 чалинганлар сони ошгани маълум бўлди. Касаллар сонининг ошиши Хотира кунидан сўнг қайд қилинмоқда.

Карантин чоралари биринчилардан бўлиб юмшатилган Техас, Флорида ва Шимолий Каролина штатларида хам рекорд даражада COVID-19 касаллари қайд қилинди.

Джонс Хопкинс университетининг маълумотига кўра, АҚШда COVID-19 га чалинганлар сони 2 000 464га етди. Мамлакатда 113 минг кишининг коронавирусдан вафот этгани қайд қилинди, бу жаҳонда қайд қилинган COVID-19 билан боғлиқ ўлимнинг чорак қисмидир.

Бу маълумотлар Жаҳон Соғлиқни сақлаш ташкилоти инфекциянинг маркази Лотин Америкасига кўчгани борасидаги баёнотидан кейин берилди. Айни дамда Лотин Америкасида 70 мингдан ортиқ киши янги турдаги коронавирус қурбонига айланди.

XS
SM
MD
LG