Ссылки доступа

БМТ: Тожикистонда 1,7 мингдан ортиқ тиббиёт ходими COVID-19га чалинган


Тожикистонда коронавирус пайдо бўлганидан бери 1700 дан ортиқ тиббиёт ходими коронавирусга чалинган, бу рақам мамлакатдаги СOVID-19га чалинганларнинг учдан бирини ташкил қилади, дея 10 июнь чоршанба куни БМТнинг мамлакатдаги командаси ҳисоботида маълум қилинди.

БМТнинг мамлакатдаги идораси Тожикистон соғлиқни сақлаш вазирлигининг ҳафталик ҳисоботига таянган ҳолда маълум қилишича, касаллика чалинган тиббиёт ходимларининг 619 нафари шифокор ва 548 нафари ҳамширадир. Таъкидланишича, касалликка чалинишнинг асосий сабаби “касаллик тарқала бошлаган илк даврда шахсий ҳимоя воситаларининг бўлмаганидадир”.

Тожикистон расмийлари мамлакатда янгикоронавируснинг пайдо бўлгани ҳақида 30 апрел куни эълон қилди, аммо мустақил хабарларда таъкидланишича, «вирус мамлакатга март ойидаёқ кириб келган».

Янги ҳисоботда Тожикистонда 8 июнгача бўлган коронавирус билан боғлиқ вазият таҳлил қилинади. Ҳисоботга кўра, Тожикистон касаллик тарқалишининг олтинчи ҳафтасида турибди, ҳамда коронавирус инфекциясига чалинганлар сони 11 фоизга ошди, беморларнинг60 фоизи соғайиб кетди.

Ҳисобот муаллифларининг хабар беришича, инфекцияни таҳлил қилиш бир кеча кундузда 450-500 тани ташкил қилади, текширувлар Душанбедаги олтида лабораторияда (шундан биттаси махсус лаборатория) ҳамда Бохтар, Хўжанд ва Кулобдаги учталабораторияда олиб борилади.

Соғлиқни сақлаш вазирлигига таянган ҳолда чиқарилган Ҳисоботда таъкидланишича, коронавирусга чалинганларни даволаш ва карантин учун мамлакатда умумий ҳисобда 8006 та ўринга мўлжалланган 80 дан ортиқ шифохона ва соғломлаштириш муассасаси ажратилган.

Шу билан бирга Тожикистон соғлиқни сақлаш ва ижтимоий муҳофаза вазири Жамолиддин Абдуллозода аввал баёнот берганидек, май ойи ўртасида Тожикистон касалликнинг чўққисидан ўтди ва ўшандан бошлаб коронавирусга чалиниш камайиб бормоқда.

Расмий маълумотларга кўра, Тожикистонда 11 июн ҳолатига кўра 4834 дан ортиқ кишининг COVID-19га чалингани, 49 бемор вафот этгани қайд қилинди. Аммо кўпчилик, статистика коронавирус билан боғлиқ вазиятни аниқ намоён этмаслигини айтади.

XS
SM
MD
LG