Ссылки доступа

Фермернинг "ўз буғдойини ўзи ўғирламаслиги учун" ўқитувчи ва банк ходимлари қоровул қилиб қўйилди


Фермернинг "ўз буғдойини ўзи ўғирламаслиги учун" ўқитувчи ва банк ходимлари қоровул қилиб қўйилди

Хавфсизлиги боис исми сир қолишини сўраган Косон туманидаги мактаблардан бири директори ҳоким ўринбосари Убайдулло Очилов барча ўқитувчиларни фермерларнинг буғдой ўримига қоровуллик қилишга мажбурлаëтганини маълум қилди.

“Икки ой карантин даврида биз уйдан туриб ишладик, ўқувчилар билан онлайн дарслар ўтказдик. Энди туман ҳокимининг ўринбосари Убайдулло Очилов ўтган ойда бўлган мажлисда ҳокимнинг топшириғи деб ҳаммамизни далага чиқариб юборди. Унинг айтишича, биз икки ой ишламай, давлатнинг ойлигини текин олган эканмиз ва шунинг ўрнига буғдойнинг талон-торож бўлмаслиги учун қоровуллик қилиб бериш керак экан. Мен ҳам ҳамма эркак ўқитувчиларимни далага чиқаришга мажбур бўлдим. Ўзим ҳам чиққанман. Фермер буғдой ўрса¸ биз тепасида қараб турамиз. Биздан бошқа банк, солиқ ходимлари ҳам қоровулликка қўйилган”.

Мактаб директори бу қоровулликдан ўзлари ҳам жуда ўнғайсиз ҳолатга тушаётганини айтади:

“Бизнинг вазифамиз фермер ўзи етиштирган буғдойни ўзига олиб қолмаслигини назорат қилиш экан. Бўлмаса у ерда милиция, Миллий гвардия ходимлари ҳам бор. Биз қўшимча назоратчи эканмиз. Фермерларга қараб туриб, одамнинг виждони қийналади. Меҳнатни қилган улар, ишчилари, лекин биз уларнинг бошида қоровул. Яна ҳар куни бечора фермер ўша ерда биз каби йиғилган ўнга яқин текинтомоқ “катта”ларга икки маҳал иссиқ овқат ҳам ташкил қилади. Бунақа ахмоқгарчилик Мирзиёев Бош вазир бўлганда ҳам бор эди, ҳозир ҳам давом этяпти”.

Директорнинг айтишича, қайси фермер ўз ҳуқуқини қаттиқ ҳимоя қила олса¸ унинг режадан ортган буғдойи ташлаб кетиляпти, бўш-баёв фермерларнинг буғдойи эса, планни тўлдирган бўлса ҳам, сўнгги бошоғигача ўриб олиняпти.

Ишдан ҳайдалишидан чўчиб, исми сир қолишини сўраган профилактика инспекторларидан бири буғдой ўримига назоратчи қилиниши ортидан улар қиладиган асосий иш қолиб кетаëтганини таъкидлади:

Косон тумани Қорабайир ҳудуди раҳбари Мегли Ҳасанов фермерларнинг ҳамма буғдойи ўриб кетилганини инкор қилар экан, қоровулликка банк ходимларининг чиқарилганини тасдиқлади.

Косон тумани ҳокими ўринбосари Убайдулло Очилов ўқитувчи ва бошқа бюджет ташкилотлари ходимларини буғдой қоровуллигига сафарбар қилинганини инкор қилди:

- Мен ўқитувчиларни карантиндан олдин кўрган эдим. Уларга буғдойга қоровуллик қилиш ҳақида ҳеч қандай топшириқ берганим йўқ.

Ғалла ўримининг ИИБ ва прокуратура ходимлари томонидан қаттиқ назорат қилиниши Шавкат Мирзиёев Бош вазир бўлиб ишлаган даврда ҳам бор эди.

XS
SM
MD
LG