Ссылки доступа

Сардоба техноген фалокатидан зиëн кўрган уйларни қурилишдан бехабар арзон ишчилар таъмирламоқда


Расмий маълумотга кўра¸ Ўзбекистондаги вилоят ҳокимликлари зиммасига Сардоба тошқини оқибатида вайрон бўлган уйлардан 1813тасини бир ой муҳлат ичида таъмирлаб, эгаларига топшириш юклатилган.

Таъмирталаб ушбу уйлар учун ҳар вилоят ҳокимлигига 5 миллиарддан жами 70 миллиард сўм ажратилган.

Қурилиш ишларида қатнашаётганлар ҳисоб-китобича, таъмирталаб ушбу уйларни қайта тиклаш учун тахминан 300 миллиард сўм маблағ зарур.

Айни пайтда ҳокимликлар ажратилган маблағ камлиги боис қурилишни тадбиркорлар маблағи ва арзон ишчи кучи ҳисобига амалга оширмоқда.

Сирдарё вилоят ҳокимлигидан олинган маълумотга кўра, бир ой муддат ичида Оқолтин, Сардоба ва Музработ туманларидаги тошқиндан вайрон бўлган 1813та уйни таъмирлаб эгаларига топшириш лозим.

Қурилиш ишларида қатнашаётган усталардан бирининг айтишича, таъмир ишларида асосан арзон ишчи кучидан фойдаланилмоқда:

“Мен 12 кун ишлаб салкам 1 миллион сўм пул олдим. Бу жуда арзон. Карантин бўлгани учун шу пулга рози бўлдим. Аслида¸ бир неча баробар қиммат бўлиши керак. Мен ўзим Оқолтин туманида яшайман. Сурхондарё вилоятига ажратилган Учтом маҳалласидаги уйларни ремонт қилаётган гуруҳда ёлланма ишчи сифатида қатнашдим. Қурилишда қатнашаётганлар орасида арзонлигига қарамай рози бўлган мен каби маҳаллий ишчилар жуда кўп. Ҳамма карантинда ишсиз ўтиргани учун рози бўлган”.

Музработ туманининг Навбаҳор маҳалласидаги уйлар таъмирида иштирок этаётган яна бир маҳаллий устага кўра, таъмир ишларига қурилишдан бехабар кишилар жалб қилингани сабаб аксар уйлар сифатсиз битказилмоқда:

Сардобадаги қурилиш ишларида қатнашаётган тошкентлик ҳашарчи-қурувчилардан бири ўзининг мажбуран ушбу ишларга жалб қилинганини иддао қилди.

“Ишхонамиздан Сардобага борасизлар, деди. Бордик, ишлашгаям, яшашгаям шароит йўқ, амаллаб қайтиб келдик. Энди “яна боринглар” деди, “йўқ бормаймиз” десак, “бўшашга ариза ёз”, деб дўқ қилишмоқда”, деди Тошкентдаги бюджет ташкилотларидан бирининг ишчиси исмини ҳам ошкор қилмаслик шарти билан.

Молия вазирининг ўринбосари Ёрқин Турсунов Сардобадаги уйлар қурилишига бағишланган йиғилишда бюджетдан ҳар бир вилоятга 5 миллиард сўмдан жами 70 миллиард сўм ажратилганини билдирган эди.

Сардоба сув омборининг ўпирилиши оқибатида юзага келган сув тошқини оқибатида 4 435та хонадон зарар кўрган. Шундан 2 390 таси яроқсиз, 2 045 таси таъмирталаб ҳолатда. Бу ҳақда 2 июнь куни АОКАда ўтган брифингда Қурилиш вазирлиги матбуот котиби Жамолиддин Қаландаров маълум қилди.

Режага кўра, таъмирталаб уйлардан 1813 таси июнь ойи охиригача эгаларига топширилиши лозим.

XS
SM
MD
LG