Ссылки доступа

Тожикистонда тўрт боланинг онаси ўзига ўт қўйди


Кулобда яшовчи тўрт боланинг онаси 34-ёшли Олиямо Очилова оилавий жанжалдан сўнг 10 июн куни уйидаги ҳаммомда ўзига ўт қўйди.

Аёл оғир аҳволдашифохонга олиб келинди, аммо 13 июн куни эрталаб у вафот этди. Бу ҳақда марҳуманинг қариндошлари ва Кулобдаги вилоят шифохонаси шифокорлари маълум қилди.

Кулоб вилоят шифохонаси бош шифокори ўринбосари Анвар Исломовнинг 12 июн куни Радио Озоди билан суҳбатда айтишича: «Олиямо шифохонага баданининг ташқи қисмининг96% фоизи куйган ҳолда олиб келинди, шундан 10-15% ички куйиш эди».

Унинг сўзларига қараганда, шифокорлар аёлни қутқариб қолиш учун қўлларидан келган ишни қилишди, аммо уларнинг саъй-ҳаракатларига қарамай аёл вафот этди. Аёл нима учун бу ишни қилгани номаълум, аммо айрим қўшнилар ва бу оилага яқин инсонларнинг хабар қилишларича, Олиямо эри билан жанжаллашиб қолганидан сўнг ўзига бензин сепган ва ўзини ёқиб юборган.

Прокуратура мазкур факт бўйича иш очди ва тергов ишларини бошлаб юборди. Кулоб шаҳар ички ишлар бўлимининг хабар қилишича, «бу ишбўйича тергов давом этмоқда ва версиялардан бирига кўра, Олиямо оилавий жанжалдан кейин ўзига ўт қўйган».

Хатлон вилоятида оилавий зўравонликлар жабрдийдалари бўлмиш хотин-қизларга кўмак берувчи Марказ психологи Мадина Низомованинг12 июн куни Радио Озодига маълум қилишича, одамлар ўз муаммолари билан ёлғиз қолганликлари ва ўзларига ҳеч ким ёрдам бера олмаслигидан умидсизликка тушгани боис ўз жонларига қасд қилишади. «Биз бу каби вазиятларга тез-тез дуч келиб турамиз, аммо сўнги икки йилда ўзига ўт қўйганлар бўлмаган эди. Ўт қўйиш ўзини ўлдиришнинг энг оғир турларидан бири бўлиб, одамлар тўла умидсизликка тушган ҳолатдагина бу ишни қилишади», -дейди суҳбатдош.

Расмий маълумотларга кўра, Тожикистонда ҳар йили 400 га яқин киши ўз жонига қасд қилади ва асосан хотин-қизлар томонидан бу иш амалга оширилади.

XS
SM
MD
LG